Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:49

Журналистни ҳимоя қилиш ҳаракатлари давом этади


Шайбон Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари федерацияси томонидан тарқатилган баёнотда айтилишича, журналист Собиржон Ёқубовнинг ҳибсга олиниши сўз ва матбуот эркинлигига берилган навбатдаги зарбадир.

“Ўз сиёсатини улкан ёлғон асосида қурган ва оммавий ахборот воситалари орқали ўз халқини алдашга одатланган ҳукумат учун С.Ёқубовдай журналистлар хавфли саналади. Улар ҳукуматнинг тинчини бузади, ёлғон сиёсатини фош қилади, энг муҳими одамларнинг кўзини очади”, - дейилади федерация томонидан тарқатилган баёнотда.

Баёнотда С.Ёқубовни ҳибсга олиш билан “Ўзбекистон ҳукумати ўз инқирози сари яна бир қадам ташлагани” айтилади.

Федерация аъзоси, Маҳбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раисаси Палина Браунерг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ҳозир барча ҳаракатлар журналистни қутқариб олишга қаратилиши лозимлигини таъкидлади.

Аввалроқ бир неча халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ҳам С.Ёқубов тақдиридан хавотир билдириб, баёнот тарқатган эди.

Хусусан, Ўзбекистонда журналистлар эркинлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти С.Ёқубовни қўллаб-қувватлашга қаратилган акция ўтказмоқда. Шу кунгача бу акцияга қўшилганлар сони бир неча юздан ошиб кетди.

Мазкур ташкилот ташаббуси билан журналист ишини кузатиш ва кенг оммани хабардор этиб туриш мақсадида махсус гуруҳ тузилган.

Гуруҳ вакили Юсуф Расулов шу пайтгача С.Ёқубов иши юзасидан бир неча қонунбузарликлар аниқланганини билдирди.

“Бизга маълум бўлишича, С.Ёқубов ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари айтганидек 11 апрелда эмас, 9 апрель куни ҳибсга олинган. Мавжуд қонунчиликка кўра, ҳибсга олинган кишига уч кун ичида айлов эълон қилиниши керак. Журналистга эса 14 апрель куни айблов эълон қилинди. Бундан ташқари, ҳибсга олинган Отабек Назаров исмли йигит ҳам С.Ёқубовга қарши кўрсатма беришга мажбурланган”, - деди Ю.Расулов.

Ю.Расуловнинг таъкидлашича, бу ҳолатлар С.Ёқубов айбсиз эканини, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари эса қонунга зид равишда бўлса-да, уни айбдор қилиб кўрсатишга уринаётганидан дарак беради.

Гуруҳнинг яна бир аъзоси, журналист Қудрат Бобожонов С.Ёқубов тақдирига бефарқ қолишни истамаган журналистларга нисбатан ҳам тазйиқлар кузатилаётгани ҳақида маълумотлар борлигини айтди.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг билдиришича, С.Ёқубов ишида ҳозирданоқ ижобий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Масалан, унга қўйилаётган 159-модда (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) билан алмаштирилиши мумкин.

С.Ёқубов ишида адолат бўлишини талаб қилаётган гуруҳлар ва ташкилотлар унинг ҳимояси учун ҳаракатлар мунтазам давом эттирилишини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG