Линклар

logo-print

Жиноят иши қандай “ясалади”?


Ҳакимбек Ўзбекистон Миллий университети магистранти Отабек Назаров яқинда ҳибсга олинган журналист Собиржон Ёқубовга қарши кўрсатма беришга мажбур этилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

О.Назаровнинг ўзи ҳам айни пайтда ҳибсда сақланмоқда. Унга Жиноят кодексининг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) бўйича айб қўйиляпти.

Отабекнинг отаси Туроб Назаровнинг сўзларига қараганда, ўғли 8 апрель куни ўзи яшаб турган ётоқхонадан Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасига олиб кетилган. Унинг компьютери ҳам олиб қўйилган. Отабек шу куни тунда қўйиб юборилган. Аммо эртаси куни компьютерини олиб келиш учун борганида ҳибсга олинган.

Адвокат Гулчеҳра Умарованинг билдиришича, Отабекнинг иши айни пайтда конституциявий тузумга алоқадорликда айбланаётган бир гуруҳ йигитлар ишига боғлиқ равишда олиб борилмоқда. Отабек ана шу йигитлардан бири билан илгари ётоқхонада бир хонада турган.

“У менга тазйиқ ва куч ишлатиш ҳақида кўрсатма берганини айтди. Отабек ЎзМУнинг айни пайтда ҳибсда бўлган яна бир магистранти – журналист Собиржон Ёқубовга қарши кўрсатма беришга мажбурланганини ҳам маълум қилди”, - деди адвокат.

Г.Умарованинг таъкидлашича, терговчи унинг олдида ҳам Отабекка жуда қўпол муносабатда бўлган. У Отабекнинг отаси билан биргаликда тергов жараёнидаги қонунбузарликлар ҳақида прокуратурага мурожаат қилган.

О.Назаров Қашқадарё вилоятининг Нишон шаҳрида туғилган. Қаршидаги ўзбек-турк лицейини аъло баҳоларда тугаллаб, 2000 йилда ЎзМУнинг иқтисодиёт факультетига ўқишга кирган. 2004 йилда ўқишни имтиёзли диплом билан якунлаб, магистратурада таҳсилни давом эттираётган эди.
XS
SM
MD
LG