Линклар

Тошкент зилзиласини хотирлаб


Саида Бундан 39 йил муқаддам - 1966 йил 26 апрелда Тошкентда кучли ер силкиниши юз берганди. Мазкур табиий офат оқибатида шаҳар жуда кўп талофат кўриб, юзлаб тошкентликлар бошпанасиз қолганди.

Мазкур зилзила гувоҳи бўлган тошкентларлар ўшанда шаҳарнинг анча қисми вайронага айланганини эслайди.

Уларнинг айтишича, Тошкент зилзиласида ҳалок бўлганлар сони сир сақланган, ер силкинишининг кучи ҳам камайтириб кўрсатилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология илмий текшириш институти директори Қаҳҳорбек Абдулллабековнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, 1966 йилги зилзила олимлар учун ҳам мутлақо кутилмаган воқеа бўлган. Зеро, у вақтларда ер қимирлашини башорат қилиш йўлга қўйилмаганди.

“1966 йил кузида Сейсмология институти ташкил этилиб, олимлар олдига зилзилани олдиндан айтиб бериш вазифаси қўйилди. Газлидаги иккинчи зилзила, 1978 йилда Олой водийсидаги кучли ер силкиниши олти соат аввал айтиб берилиши биринчи муваффақиятлар бўлганди”, - деди Қ.Абдуллабеков.

Қ.Абдуллабековнинг сўзларига қараганда, ҳозир ҳам кучли зилзилани олдиндан юз фоиз аниқлик билан айтиб бериш имконияти йўқ. Қолаверса, Сейсмология институти олдига ҳам ер силкинишини аввалдан айтиб бериш вазифаси қўйилмаган.

Сейсмолог олим Сабриддин Ҳисомиддиновнинг айтишича, зилзила хавфини бартараф этиш йўллари яратилгани йўқ. Шунинг учун унинг оқибатларини камайтириш ишларига асосий эътиборни қаратмоқ жоиз.

Олимнинг таъкидлашича, Ўзбекистон сейсмологлари ер қимирлашини дунё миқёсида кузатиб бориш халқаро лойиҳасига қўшилган. Дунё олимлари мазкур лойиҳа асосида ер остида кечаётган тектоник жараёнлар юзасидан ўзаро маълумот алмашади. Бу ҳам зилзила оқибатларини камайтиришда қўл келади.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳудудида кучсиз ер силкинишлари тез-тез кузатиляпти. Олимлар бу табиий жараён эканини, мамлакатда яқин ойларда кучли зилзила юз бериши эҳтимоли йўқлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG