Линклар

logo-print

Журналистнинг ҳимоячилари кўпаймоқда


Саида

Халқаро матбуот институти Ўзбекистондаги “Ҳуррият” газетаси мухбири Собиржон Ёқубовнинг конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб, ҳибсга олинганидан ташвиш билдирди.

Институт вакиласи Диана Орлованинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда билдиришича, С.Ёқубов атрофида бўлаётган воқеалар мазкур институт жамоасида қаттиқ хавотир уйғотмоқда.

“Чунки (Ўзбекистонда) журналистларнинг фаолияти туфайли қамоққа олиниш ҳолатлари илгари ҳам кузатилган. Ўзбекистон эса матбуотга жуда кам эркинлик бергани билан танилган. Биз бу қамоққа олиш диний асосга эга бўлмай, мустақил журналистни тийиб қўйишга ҳаракат бўлиши мумкинлигидан хавотирдамиз”, - деди Д.Орлова.

Д.Орлова С.Ёқубов журналистик фаолияти учун ҳибсга олинган, дея хулосага келиш учун муайян асослар борлигини таъкидлади.

Д.Орлова журналист ишига жаҳон жамоатчилиги эътибори қаратилаётгани унинг тақдири адолатли ҳал қилинишига ёрдам бўлишига умид билдирди.

Ўтган ҳафтада Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (АҚШ) ва “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти ҳам Ўзбекистон ҳукуматидан С.Ёқубовни озод этишни талаб қилганди.

С.Ёқубов ишини кузатиб бориш мақсадида Ўзбекистоннинг ўзида ҳам журналистлардан иборат ташаббус гуруҳи тузилган.

Мазкур гуруҳ вакили Алимардон Аннаевнинг сўзларига қараганда, С.Ёқубовни ҳимоя қилиш бўйича ўтказилаётган акцияларни юзлаб кишилар қўллаб-қувватламоқда.

А.Аннаевнинг айтишича, С.Ёқубов ҳибсга олингач, давлат томонидан бириктирилган адвокат ундан ўзига қўйилаётган айбларни тан олишни талаб қилган.

“Бундан хабар топган ташаббус гуруҳи давлат томонидан тайинланган адвокатга ишончсизлик билдириб, ишдан четлатишга эришдик. Ҳозир биз Собиржонга ўтказилаётган тазйиқлар ҳақида маълумот тўплаб боряпмиз. Суд жараёнида биз бу кирдикорларни очиб ташлаймиз”, - деди А.Аннаев.

22 ёшли журналист С.Ёқубов шу йилнинг 11 апрелида ҳибсга олиниб, 14 апрель куни унга Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) бўйича айблов эълон қилинган эди.
XS
SM
MD
LG