Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:31

Жиззахда зўравонлар нега жазосиз қолади?


23 апрель куни номаълум шахс томонидан аёвсиз калтакланган жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров 27 апрель куни шифохонадан чиқиб, даволанишни уйида давом эттирмоқда.

Калтакланиш оқибатида елкаси синган, икки қовурғаси эзилган У.Ҳайдаров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда уни ҳеч ким шифохонадан мажбурлаб чиқариб юбормаганини билдирди.

“Уйга келганимдан кейин бошимнинг зарба тушган қисми кечаси билан оғриб чиқди. Шифокорлар келиб, текшириб кўрди ва укол қилди”, - деди У.Ҳайдаров.

У.Ҳайдаровнинг сўзларига қараганда, мазкур ишни ўрганаётган терговчилар деярли ҳар куни келиб, воқеа тафсилотларини суриштирмоқда.

Жиззах шаҳри ички ишлар бўлими терговчиси Бегимқул Дониёровнинг айтишича, мазкур воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Жиноятчини топиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроев мазкур жиноят очилишига шубҳа билан қарамоқда.

“Чунки журналистлар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг калтакланиб кетиши билан боғлиқ жиноятларнинг бирортаси очилгани йўқ. Масалан, 22 февраль куни Жиззах шаҳрида мустақил журналист Жамшид Каримовни ҳам номаълум шахслар калтаклаган эди. Шунингдек, 10 декабрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг бир неча аъзоси вилоят ҳокимлиги олдида калтакланганди. Лекин шу кунгача жиноятчилар топилмади”, - деди Б.Ҳамроев.

Б.Ҳамроев Жиззахда бу каби жиноятлар очилмаётгани сабаблари вилоят ҳокими Убайдулла Яманқуловнинг зўравонлик сиёсатига бориб тақалишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG