Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:10

Мойлисув хавфи кучайиб боряпти


Яқинда Қирғизистондаги Мойлисув дарёсини катта тоғ кўчкиси тўсиб қўйиб, бу ердаги радиактив чиқиндилар кўмилган қабристонни ювиб кетиш хавфини юзага келтирди.

Экологларнинг айтишича, агар сув қабристонни ювиб кетса, Марказий Осиё ҳудудида яшовчи аҳоли саломатлиги ва экологияга жуда катта зарар етказиши мумкин.

Ўзбекистондаги “Экосан” халқаро жамғармаси раҳбари Юсуф Шодиметов яқинда Мойлисувда бўлиб қайтди.

Унинг сўзларига қараганда, кўчки натижасида дарё тошиб, ўша ердаги “Изолит” заводи цехларини ювиб ўта бошлаган. Энди дарё ўзани ўзгариб, сув хавфли ҳудуддан оқиб ўтмоқда.

1948-1968 йилларда уран рудасини қайта ишлашдан чиққан чиқиндилар Мойлисув дарёси яқинидаги 23 та урага кўмилганди. Бу кўмилмалар зилзила, сел ва кўчки хавфи катта ҳудудда жойлашган.

Ю.Шодиметовнинг таъкидлашича, Мойлисувдаги кўмилмаларда 7 минг тоннадан ортиқ ярим суюқ ядровий чиқиндилар сақланади. Бу чиқиндилар устига оддий тупроқ тортилган. Агар кўчки сал юқорироқда содир бўлганида, дарё суви бу қабристонни ювган ва радиактив моддалар билан бойинган сув бутун минтақага жиддий хавф солган бўларди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя бошқармаси бошлиги Фарҳод Соиповнинг билдиришича, Мойлисувдаги радиактив моддалар қабристони ҳозир эгасиз бўлиб қолган. Сел ва ёмғир суви ҳар йили бу ердаги радиактив моддаларни дарёга оқизмоқда. Бундан эса, энг аввало, Фарғона водийсининг 9 миллионли аҳолиси жабр кўряпти.

Ф.Соиповнинг эътирофича, Қиргизистон иқтисодиёти ва бу ердаги ҳозирги сиёсий вазият Мойлисувдаги хавфнинг олдини олишга имкон бермайди. Шунинг учун қўшни давлатлар ва жамоатчилик ташкилотлари муаммони зудлик билан ҳал қилишга киришиши лозим.

Маълумотларга кўра, Жаҳон банки Мойлисувдаги радиоактив чиқиндилар ураларини шу йилнинг сентябрь ойигача реабилитация ва рекультивация қилиш лойиҳаси учун 11 миллион 760 минг АҚШ доллари ажратган.


Синоптиклар май ойида кучли ёғингарчилик бўлишини башорат қилмоқда. Бундан ташвишга тушган экологлар Мойлисувда селни тўсадиган тўғонларни, кўчки хавфи мавжуд қияликларни мустаҳкамлашни тезлаштириш зарурлигини айтмоқда.

Уларнинг фикрича, агар Мойлисувдаги радиоактив чиқиндилар кўмилган битта урани сув ювиб кетса ҳам бу катта фожеага олиб келади. Чунки Мойлисув Сирдарёга қуйилади. Сирдарё эса Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистоннинг катта ҳудудларидан оқиб ўтади.
XS
SM
MD
LG