Линклар

Велосипед кўча ҳаракатига хавф туғдирадими?


Басира Яқинда Бухоро шаҳрининг марказий кўчаларида мотоцикль ва велосипедлар ҳаракатини тақиқловчи йўл белгилари пайдо бўлди. Шу сабабданми, Бухорода транспортнинг бу турлари камайиб қолди.

Йўл-патруль хизмати ходимларидан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу янгилик ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилганини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири “Йўл ҳаракати қоидалари” номли қўлланмада бундай йўл белгилари ҳақида умуман маълумот йўқлигига гувоҳ бўлди. Бухоро вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан эса бу ҳолатга изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниевнинг таъкидлашича, мотоцикль ва велосипедлар ҳаракатини тақиқловчи белгиларни Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари кўчаларида учратиш мумкин.

“Ҳақиқатан ҳам шундай йўл белгилари жорий этилган бўлса, улар, аввало, депутатлар муҳокамасидан ўтиши керак. Билишимча, бундай муҳокама бўлмаган. Бу бирор ташкилотнинг парда ортида қабул қилинган йўриқномаси асосида амалга оширилаётган ишдир”, - деди Ш.Ғаниев.

Бухорода велосипед ва мотоцикль анча кенг тарқалган транспорт ҳисобланади. Лекин фуқаролар эндиликда кўчага бундай транспортда чиқишдан ҳадиксираётир. Чунки улар ўз уйига мотоцикль ёки велосипедсиз қайтиши мумкинлигини тобора кўпроқ ҳис қилмоқда.
XS
SM
MD
LG