Линклар

logo-print

“Серқуёш Ўзбекистон” инқилоб қилмоқчи эмас, ҳозирча...


Тўлқин Демократик кучларнинг “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясини тузишдан мақсад мамлакатда инқилоб қилиш эмас, балки ҳукуматга сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар бўйича таклифлар беришдир.

Коалиция етакчиларидан бири, “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда шуни маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, баъзи оммавий ахборот воситалари демократик кучларнинг коалицияга бирлашишини инқилоб қилишга тайёргарликка йўяётгани нотўғридир.

“Биз аслида дастлаб коалиция эмас, балки коалицион ҳукумат тузишни режалаштирган эдик. Бироқ ҳукумат билан мулоқотга киришишни кўзда тутмаганмиз. Биз уларга ўз ташаббусларимизни билдирамиз. Ҳукумат уларни қабул қиладими-йўқми, бунинг бизга аҳамияти йўқ. Биз ўз фаолиятимизни давом эттираверамиз”, - деди Н.Ҳидоятова.

Н.Ҳидоятова коалициянинг жиззахлик фермерларнинг норозилик чиқишларига мутлақо алоқаси йўқлигини билдирди.

Коалиция тузилишига хайрихоҳлик билдирганлар бири, Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов бундай тузилма ҳали том маънода мавжуд эмаслигини таъкидлади.

“Аммо колицияга эҳтиёж бор. Бунга вазият пишиб етилган. Чиндан ҳам демократлар блок ёки коалицияга бирлашиши, қатъий, аниқ мақсад ва тамойилга, умумий сиёсий платформага эга бўлиши керак”, - деди И.Худойберганов.

“Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси ташаббус гуруҳи вакилларидан бири шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан эса бу тузилма халқ ва мамлакат келажагини ўйлаб, демократик жараёнларни ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида тузилганини маълум қилди.

“Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Н.Ҳидоятова коалиция ҳозирча инқилоб тарафдори эмаслигини айтди.

“Биз Қирғизистонда инқилоб қандай бўлганини кўрдик, - деди Н.Ҳидоятова. - Аммо Ўзбекистонда бундай инқилоб салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки Ўзбекистонда халқ ўта заиф, қашшоқ ва ғазабга тўлган. Шу сабабли тажовузкор, хавфли кучга айланиб кетиши мумкин, деб ўйлаймиз. Лекин инқилобий вазият Ўзбекистонда ҳам аллақачон вужудга келган. Бироқ ҳозирча инқилобий йўлдан эмас, демократик ислоҳотлар йўлидан боришимиз керак, деб ҳисоблаймиз”.

И.Худойбергановнинг фикрича, қонун устиворлиги тарафдори бўлган демократлар ҳеч қачон инқилобга интилмайди. Ягона куч бўлиб бирлашиш эса ким ҳақиқий, ким сохта демократлигини ажратиб олиш учун керак.

Н.Ҳидоятованинг айтишича, ҳозирча тузилманинг номланиши борасида якдил фикрга келинмаган. У келажакда “конгресс” деб номланиши ҳам мумкин. Янги тузилмага “Эрк” ва “Бирлик халқ ҳаракати” партиялари раҳбарлари иштирок этмаётган бўлса-да, бу партияларнинг қуйи бўғинларидан баъзи кишилар иттифоққа хайрихоҳлик билдирмоқда.

“Озодлик” мухбири ҳукумат вакилларининг коалиция ташаббуслари ҳақидаги фикрларини ҳам ўрганишга ҳаракат қилди.

Ҳукумат вакилларининг билдиришича, коалициядан Вазирлар Маҳкамасига ҳали ҳеч қандай таклиф келиб тушмаган. Шунинг учун бу ҳақда гапиришга эрта.
XS
SM
MD
LG