Линклар

А-380 ҳавода

  • Сарвар Усмон

Дунёдаги энг катта ҳаво лайнери, A-380 аэробуси 27 апрель куни Франциянинг жанубидаги Тулуза шаҳри ҳаво майдонидан ўзининг биринчи парвозига кўтарилди. Йўловчилар ўтирадиган салони икки қаватли бўлган бу улкан учоқнинг тақдимоти бундан 4 ой муқаддам бўлиб ўтган эди.

Аввало А-380 аэробусининг ҳажмини тасаввур қила олишингиз учун бир рақамни келтирай: Ту-134 учоғи қанотларининг бир учидан иккинчи учигача 29 метру 10 сантиметр. А380нинг қанотлари эса, 80 метрдир.

Ана шундай улкан машинанинг учиш йўлидан ғасир-ғусур қилиб югуриб, сўнгра қушнинг патидай ҳаволанишини минглаб томошабинлар нафасларини ичига ютиб кузатиб турди.

"Қушнинг патидай", деб оширвордигов. Самолетнинг кўтарилишини ўз кўзибилан кўрганларнинг айтишича, ўта улкан бўлган учоқнинг ҳавога кўтарилиши одамни ваҳимага соладиган даражада бўлган.

Машҳур Роллс Ройс ширкатининг энг сўнгги русумдаги мотори ўрнатилган учоқ савлатига яраша шовқин солмай ҳавога кўтарилиб, Атлантика океани узра бир айланиб қайтиш учун учиб кетди.

А380 учоғини ишлаб чиқарувчи ширкат матбуот хизмати бошлиғи David Vellupillai Озодлик мухбири билан мулоқоти чоғида амалга оширилган парвозни 18 миллиард долларли лойиҳа йўлидаги муҳим қадам, дир, деди.

Янги учоқнинг илк нусхалари харидорларга 2006 йили етиб боради.

Аэробуснинг 27 апрель кунги биринчи муваффақиятли парвози уни ишлаб чиқарувчилар учун ҳам, нақду потенциал харидорлар учун ҳам руҳий далдадир.

Ҳозирча, дунёдаги ҳаво йўллари компанияларидан 15 таси ҳаммаси бўлиб 154та самолётга буюртма берган.

David Velupillaiнинг фикрича, ҳозирданоқ шунча буюртма олингани А-380ни ишлаб чиқарувчилар учун катта ютуқдир.

Яна бир неча рақам. Битта А-380 учоғи 280 миллион доллар туради. Ишлаб чиқарувчи 260та самолёт сотиб бўлгачгина, бу лойиҳадан фойда кўра бошлайди.

А-380 ҳавога 850 йўловчи билан кўтарилади.

Бу учоқни сотиб олишни мўлжаллаб турган баъзи компаниялар эса, йўловчилар сонини қисқатириш ҳисобига салоннинг ортиб қоладиган жойларида, пулдор йўловчиларни жалб қилиш учун, қўшимча қулайликлар яратишни режалаштирган.

Масалан, Virgin Atlantic airlines ширкати буюртма берган самолёт ичида спорт зали, гўзаллик салони, казино, барлар, бир неча ётоқхона бўлади.

Ширкат вакили Richard Branson А-380 учоғининг шу йил январида ўтказилган тақдимот маросимида мана бундай деган эди:

”Мен ҳою-ҳавасларимиз рўёби бўладиган учоқ бўлишини истаяпман. Virgin Atlantic airlines ширкатининг орзу-ҳаваслари рўёбини. Биз орзу қилган учоқнинг салони илгари ҳеч ким кўрмаган, умуман, мисли кўрилмаган салон бўлсин”.

Афтидан, кейинги 40 йил давомида мовий осмоннинг мутлақ маликаси бўлиб келган, қитъалараро учувчи Боинг 747 учоғи самовий шоҳсупани А-380га бўшатиб берадиганга ўхшаб турибди.
XS
SM
MD
LG