Линклар

logo-print

UPI мухбири аккредитациядан ўтказилмаяпти


Тўлқин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг энг йирик ахборот агентликларидан бири бўлмиш “Юнайтед пресс интернэйшнл” (UPI) мухбири Марина Козловани бу йил ҳам аккредитациядан ўтказмади.

1999 йилдан буён UPI нинг Марказий Осиё бўйича мухбири бўлиб ишлаётган М.Козлова 2003 йилгача аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ журналистлари сафида эди.

М.Козлованинг таъкидлашича, Ташқи ишлар вазирлиги аккредитация сўраб мурожаат қилган UPI нинг Вашингтондаги қароргоҳига унинг мутахассислиги вазирликни қониқтирмагани ҳақида жавоб йўллаган.

М.Козлованинг мутахассислиги дизайнер бўлиб, Тошкент тўқимачилик институтини тамомлаган.

UPI раҳбарияти эса кимни мухбир этиб тайинлаш агентликнинг ички иши экани тўғрисида вазирликка мактуб йўллаган.

М.Козлованинг айтишича, вазирлик аккредитация бермаслик учун кўрсатган сабаб агентлик мухбири Ўзбекистон ҳукуматига мақбул шахс бўлиши кераклиги, ҳатто бундай журналистни ўзи тавсия этиши мумкинлигини бевосита бўлмаса-да, билвосита англатади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров М.Козловага аккредитация берилмаслик сабаблари бундан икки йил муқаддам унинг ташкилотига ёзма равишда маълум қилингани, шундан кейин бу ҳақда ҳеч қандай қўшимча қарор қабул қилинмаганини билдирди.

М.Козлова 2003 йилдан буён, ҳали аккредитациядан маҳрум этилмасдан бурун ҳукумат даражасидаги тадбирларга иштирок этишига рухсат берилмай қўйилганини маълум қилди.

“Бундай тадбирлардаги энг сўнгги иштироким 2003 йили Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Владимир Норов ўтказган матбуот анжумани бўлиб, мен ўшанда ҳибсда бўлган журналист Руслан Шарипов тақдири ҳақида савол берган эдим. Аввал ҳам ҳукуматга ёқмайдиган саволлар берардим. Менимча, бу ҳолат аккредитациядан маҳрум этилишимга сабаб бўлди”, - деди М.Козлова.

М.Козлова аккредитация берилмаслиги уни Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги воқеалар тўғрисида ёзишдан маҳрум эта олмаслигини таъкидлади.

Кузатувчи Алимардон Аннаев Ўзбекистонда мустақил журналистларга муносабат кескин салбий томонга ўзгарганини айтмоқда.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Адлия вазирлиги ҳам бир неча журналистик ва журналистлар билан ишлайдиган ташкилотларни, жумладан, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, “Интерньюс”, Сорос жамғармасини рўйхатдан ўтказмаган.
XS
SM
MD
LG