Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:08

Исоқ ота ҳибсга олинди


Хоразмда таниқли бўлган тадбиркор, ўзининг ҳукумат шаънида айтадиган танқидий мулоҳазалари, муқобил фикрлари билан машҳур бўлган хивалик 70 ёшли Исоқ Абдуллаев ҳибсга олинди.

Маълум бўлишича, гурланлик 24 ёшли Умида Дўстжонованинг шикоят аризаси асосида И.Абдуллаев устидан жиноят иши қўзғатилган. Исоқ ота ўз уйида опа-сингил Дўстжоноваларни 92 кун давомида мажбуран сақлаганликда айбланиб ҳибсга олинган.

Дастлаб унга Жиноят кодексининг 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум этиш) 2-қисмининг “а” ва “б” бандлари бўйича айб қўйилган. Шунингдек, Исоқ ота уйида наркотик моддалар сақлаш ва сотиш айбланган. Кейинчалик қўйилган айбловлар сони ортиб бориб, у ЖКнинг 13 моддаси бўйича жиноят содир этишда айблана бошлаган.

И.Абдуллаевга фирибгарлик, талончилик, товламачилик, одам ўғирлаш, ёлғон хабар бериш, туҳмат қилиш, диний ташвиқот қилганлик каби жиноятлар юкланмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот ходимлари унинг уйини тинтув қилганида хонадонидан Абдували қорининг даъватлари ёзилган аудиокассеталар топилган.

Исоқ отанинг рафиқаси Жумагул опа эри аслида Интернет сайтларида эълон қилинган танқидий мақолалари учун ҳибсга олинганини таъкидлади.

“Исоқ ота 6-7 йилдан буён хорижий радиолар, кейин эса Интернет орқали ҳукуматга ёқмайдиган фикрларини баён қилиб келади. У ҳамиша ростгўйлик, адолат тарафдори бўлиб келган. Исоқ ота Интернетда Каримов, унинг қизи ҳақида фикрлар билдирган. Мана энди шу куйга тушиб ўтирибди”, - деди Жумагул опа.

И.Абдуллаев узоқ йиллар мактабда ўқитувчилик қилган. Сўнгги йилларда эса тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган эди. Исоқ ота хоразмликларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам фаол иш олиб борарди.

Ҳибсга олинишидан бир қанча вақт муқаддам Исоқ ота “Озодлик” радиосига интервью берган эди.

“Ҳақиқат учун курашувчи ҳар қандай одам амалдорларнинг тазйиғига учраши шубҳасиз. Агар бирор киши шу иш билан шуғулланса, ё ўзи, ё бола-чақаси йўқ қилинади”, - деганди И.Абдуллаев.

“Ўзбекистон” телеканали Исоқ Абдуллаев ҳақида “Жоҳил чангаллида” номли ҳужжатли фильмни эфирга беришга тайёрламоқда. Телеканалда ушбу фильм 29 апрель куни эфирга узатилиши тўғрисидаги хабар кетма-кет берилмоқда. Фильмда Исоқ ота қўлга кишан солинган ҳолда кўрсатилиши ҳақида маълумотлар бор.

Хивалик Қодирберган Раҳимовнинг фикрича, ҳали суд қилинмаган кишини айбдор сифатида эл-юртга овоза қилиш инсон ҳуқуқларини бузишдир.

Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг айбсизлик презумпциясига кўра, ҳеч ким суд ҳукми қонуний кучга кирмагунга қадар айбдор ҳисобланмайди.

И.Абдуллаев “Озодлик”ка берган интервьюсида Ўзбекистонда қонунлар номигагина чиқарилганини айтган эди.

“Қонунлар устиворлиги ҳақида Президентдан тортиб унга кичигигача жуда чиройли қилиб гапиради. Амалда эса бутунлай тескариси”, - деганди Исоқ ота.

Вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари тергов жараёни якунлангунга қадар И.Абдуллаев иши бўйича ҳеч қандай маълумот берилмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG