Линклар

АҚШ Эронни терроризмни қўллаб-қувватлаётган энг фаол давлат эканида айблади

  • Ҳасанжон

АҚШ Давлат департаменти 2004 йилда терроризмни қўллаб-қувватлаган давлатлар ҳақида янги ҳисобот чиқарди. Ҳисоботда келтирилган олти давлат ичида Эрон терроризмни энг кўп қўллаб-қувватлаган давлат бўлгани ва АҚШнинг Эронга қарши жорий этган эмбаргоси ўз кучида қолаётгани билдирилган. Айни пайтда, АҚШ ҳукумати 2004 йилда дунё бўйлаб жуда кўп террор ҳаракатлари содир этилгани тўғрисида ҳам ҳисобот чиқарди. Лекин расмийлар ўтган йил 2003 йилга нисбатан кўп террор ҳаракатлари содир этилмаганини таъкидламоқда.

АҚШ Давлат департаменти чоршанба куни чиқарган ҳисоботда билдирилишича, Эрон айниқса Исроилга қарши фаолият юритишда терроризмдан давлат сиёсати воситаси сифатида фойдаланган.

Ҳисоботга кўра, Эрон ҳукумати Ливандаги “Хизбуллоҳ”, Фаластиндаги “Хамас”, “Исломий жиҳод”, “Ал-ақса” ва бошқа гуруҳларни молия, қурол-аслаҳа билан таъминлаган ва ушбу гуруҳлар аъзоларини тайёргарликдан ўтказиб, уларга хавфсиз бошпана берган.

АҚШ Давлат департаменти расмийси Филип Зеликов Эрон режими террорчиларни қўллаб-қувватлаётгани тўғрисида мухбирларга бундай деди:

“Эрон ва Сурия “Хизбуллоҳ” ва Фаластиндаги террор гуруҳларини бевосита, очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаётгани ва Ироқда вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бермаётгани алоҳида хавотирга сабаб бўляпти. “Ал-қайда”нинг 2003 йилда ҳибсга олинган юқори лавозимли раҳбарларини Эрон халигача жавобгарликка тортгани йўқ”.

Эрон ҳукумати илгари “Хизбуллоҳ” ва “Хамас” каби гуруҳларни маънавий томондан қўллаб-қувватлаб келганини инкор этмаган. Аммо бу гуруҳларга моддий ёрдам кўрсатаётгани ҳақидаги даъволарни рад этган. Ўз навбатида Теҳрон Вашингтон расмийларини Исроил томонидан фаластинликларга қарши амалга оширилаётган давлат терроризмини қўллаб-қувватлаётганликда айблаб келмоқда.

АҚШнинг терроризмни қўллаб-қувватлаётган давлатлар рўйхатида Эрон ва Суриядан ташқари Куба, Шимолий Корея, Судан ва Ливия ҳам бор. Давлат департаменти ҳисоботида ўтган йил глобал терроризмга қарши курашда “сезиларли ҳамкорлик қилгани”га қарамай, Ливия ва Судан терроризмни қўллаб-қувватлаётган давлатлар рўйхатида қолиши таъкидланади. Ироқ ўтган йил мазкур рўйхатидан чиқарилган.

Зеликовга кўра, умуман 2004 йилда халқаро миқёсда яқин ҳамкорликда терроризмга қарши муваффақиятли кураш олиб борилган. Айни пайтда, АҚШ расмийси, Россиядаги Беслан воқеаси ва Мадрид вокзалида содир этилган портлашлар терроризмга қарши кураш тахликаси хали бархам топмаганидан далолат эканини урғулади:

“Терроризм глобал таҳдид бўлиб қолмоқда. Бундан дунёнинг ҳеч қайси давлати ҳимояланган эмас. АҚШда ички хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани, исёнчи ва террорчиларга қарши кампания давом этаётгани ва терроризмга қарши кураш борасида жаҳон миқёсида ҳамкорлик мустаҳкамланаётганига қарамай, халқаро терроризм 2004 йилда АҚШ ва унинг ҳамкорларига жиддий таҳдидлигича қолди”.

Оқ Уй маъмурияти Терроризмга қарши кураш миллий маркази ўз статистик маълумотини эълон қилиши тўғрисида қарор чиқарди. Марказ маълумотига кўра, ўтган йил дунё бўйича содир этилган 651та террор ҳаракати оқибатида бир минг 907 одам нобуд бўлган. Давлат департаментининг 2004 йилги ҳисоботига кўра, 2003 йилда содир этилган 208та террор ҳаракати оқибатида 625 одам нобуд бўлган. Ироқда 2003 йилда амалга оширилган 22та террор ҳужумда 117 одам ўлган. Ўтган йили эса 201та террор ҳужумида 554 одам ҳаётдан кўз юмган.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, янги ҳисоботда келтирилган қурбонлар сони террор ҳужуми воқеаларини ўрганиш услуби ўзгаргани ҳисобига ошган. Терроризмга қарши кураш маркази директори вазифасини бажараётган Жон Беннан мухбирларга бир-биридан фарқланувчи икки услуб орқали аниқланган натижани ўзаро таққослаш тўғри бўлмаслигини айтади:

“Бу террор ҳужумлари сони кескин кўпайганини англатмайди. Аниқланган ҳар бир воқеа пухта ўрганилгани сабабли йиллик ҳисоботда террор ҳужумлари сони кўпайган”.

Ҳисоботга кўра, “Ал-Қайда”нинг бир неча юқори лавозимли бошлиғи ҳибсга олингани ва гуруҳнинг ҳужум уюштириш имконияти кескин чекланганига қарамай, ўтган йил “Ал-Қайда” АҚШ учун асосий тахдид бўлиб қолган.
XS
SM
MD
LG