Линклар

logo-print

Ўзбекистон матбуот ва сўз эркинлиги йўқ мамлакатларнинг олдинги сафида


Ҳакимбек “Freedom нouse” ташкилотининг куни-кеча эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги йўқлиги таъкидланади.

Ҳисоботда айтилишича, мамлакат Конституциясида сўз эркинлиги кафолатланган, цензура расман бекор қилинган бўлса-да, ахборотни назорат этиш журналистлар ҳамда газета муҳаррирларига юкланган. Бу эса журналистларнинг ўзини ўзи цензура қилишига олиб келяпти. ОАВда қашшоқлик, пахта ҳосилини йиғишда болалар меҳнатидан фойдаланиш ва ҳукумат фаолиятини танқид қилиш тақиқланган. Бу қоидага амал қилмаган журналистлар ишдан ҳайдалиши ва ҳатто қамалиши мумкин.

“Freedom нouse” ҳисоботида хорижий ОАВда фаолият кўрсатаётган журналистлар тазйиққа олинаётгани, хусусан, Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти ходимлари журналистик фаолияти учун ҳужумга учрагани таъкидланади.

Ҳисоботда ёзилишича, ҳукумат ОАВ билан иш олиб борадиган хорижий ташкилотларни рўйхатдан ўтказилмаётир. Масалан, Уруш ва тинчликни ёритиш институти ҳамда Очиқ жамият институти рўйхатга олинмаган. “Интерньюс-Ўзбекистон” фаолияти эса 6 ойга тўхтатилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатда асосий нашрлар ҳукумат қўлида бўлгани ҳолда хорижий нашрлар тарқатилишига рухсат берилмайди. Расмий ОАВ содир бўлаётган ёки халқ учун муҳим ахборотларга эътибор қаратмайди. Масалан, савдо соҳасида ўтган йили қабул қилинган қарордан сўнг юз берган норозлик чиқишлари маҳаллий ОАВ эътиборидан четда қолган.

Ҳисоботда парламент сайловида фақат ҳукуматпараст партиялар қатнашгани, мухолифатдаги партиялар сайловда иштирок этмагани, ўзбек тилида сайтлар камлиги, ҳукуматни танқид қиладиган мақолалар ва мухолиф сайтлар тўсиб қўйилиши қайд этилади.

“Freedom нouse”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Бранка Шесто хоним ҳисоботга изоҳ бериб, Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўлмаган мамлакатларнинг олдинги сафларида эканини таъкидлади.

“Озодлик” мухбири ҳисобот юзасидан муносабат сўраб, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасига ҳам мурожаат қилди.

Уюшма вакили Қодир Маматов мамлакатда цензура йўқлигини, танқидий мақола учун журналистлар қамалиши билан боғлиқ ҳолатлар бўлмаганини айтди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўтган икки ҳафта ичида Ўзбекистонда бир неча журналистларга тазйиқлар кузатилди. Жумладан, жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров номаълум шахс томонидан аёвсиз калтакланди. “Ҳуррият” газетаси мухбири, ёш журналист Собиржон Ёқубов конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб, ҳибсга олинди.
XS
SM
MD
LG