Линклар

“Акрамий”лар очлик эълон қилди


Тўлқин Акрамия диний оқимига аъзоликда айбланиб судга тортилган 23 киши 25 апрель куни ҳибсхонада очлик эълон қилган эди. Аммо мажбуран овқатлантирилгандан кейин улар акцияни тўхтатишга мажбур бўлди.

Акрамийликда айбланаётган бу шахслар устидан суд жараёни жорий йилнинг 11 февралида бошланган эди.

Андижондаги “Апелляция” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, судланувчилар акрамияни диний экстремистик ташкилот, деб хулоса берган эксперт судга чақирилиши талаб қилган. Бироқ судья бу талабни қаноатлантирмагани сабабли улар 25 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида очлик эълон қилишини билдирган.

“Улар ўзларининг айби йўқлиги сабабли озод этилишини талаб қилаётгани йўқ. Судланувчилар ўзларининг айбсизлиги суд томонидан исботланиб, озод этилишини истаётир”, - деди С.Зайнобиддинов.

С.Зайнобиддинов айбланувчилар суд мажлисларида ёзиб турган дафтарлари, ручкалари ҳеч қандай сабабсиз олиб қўйилганидан ҳам норозилик билдирганини таъкидлади.

Ж.Зайнобиддиновнинг сўзларига қараганда, ўтган суд мажлисларида гувоҳ сифатида 106 киши сўроқ қилиниб, шулардан 103 киши судланувчилар фойдасига кўрсатма берган. Уч кишининг кўрсатмаси эса кўпчиликни қониқтирмаган.

Айбланувчилар бирининг адвокати Абдуқаҳҳор Усмонов судланувчилар очликни тўхтатганини маълум қилди.

С.Зайнобиддинов эса айбланувчиларни очликни тўхтатишга ҳуқуқ-тартибот ходимлари мажбурлагани, яъни куч билан уларни овқатлантирганини билдирди.

Унинг айтишича, очлик баъзи ижобий натижаларга олиб келган. Хусусан, суд ҳайъати акрамийликни диний экстремистик оқим, дея хулоса берган эксперт – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси вакилини судга таклиф этишни ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG