Линклар

Оч баччағар, милициядан қоч баччағар


Зикрилло Ишонч Тошкент мамлакат пойтахти бўлгани сабабли ҳамманинг шу ерга иши тушади. Эндиликда Тошкент ижтимоий ночор кишиларнинг ҳам пул топиш умидида келадиган жойига айланган.

Мардикордир, талабадир, муҳожирдир, мусофирдир – бари Тошкентга интилади.

Вилоятлардан келадиган кўплаб кишилар билан суҳбатлашган “Озодлик” мухбири улардан фақат битта жавобни эшитди: “Ҳамма Тошкентга пул, тирикчилик учун келади. Чунки бу ерда пул кўп”.

Бироқ бу суҳбатдошларнинг деярли барчаси Тошкентда юришнинг ўзи бўлмаслиги, ҳар қадамда ноҳақлик, милиционерларнинг таъмагирлигига дуч келишидан шикоят қилди.

“Милиция ҳаддидан ошиб кетди. Бир куни машинада Тошкентга келаётганимизда милиционер ҳайдовчидан беш минг сўм пора олганини ўз кўзим билан кўрдим. Уларга катта ҳуқуқ берилган. Кийим-кечаги текин. Ҳатто ошхонага кирса ҳам қорнини гадойга ўхшаб тўйдиради”, - деди суҳбатдош аёллардан бири.

Мусофир кишилар Тошкентда милиционерлар, асосан, шаҳарда доимий рўйхатда эмасликни сабаб қилиб кўрсатиб, таъмагирлик қилишини таъкидлади.

Йўл-патруль хизмати ходимлари Тошкентга четдан келган машиналарни ҳар қадамда тўхтатиб, жарима белгилаши, жаримани эса давлатга бермай, чўнтагига уришини ҳар бир ҳайдовчи тасдиқлаши мумкин.

Тошкентга келиб ишлайдиганлар бошқа мамлакат фуқароси бўлмаса, барча ҳужжатлари жойида бўлса-да, шаҳарда доимий қайд нега кераклигини тушунмай қийналади.

Мусофирлар ва мардикорлар Тошкентда қишлоқи, ҳарип каби сўзлар билан ҳақоратлашларига ўрганиб қолганини айтади.

Вилоятдан келганлар Тошкентда кўп тўсиқларга учрашини билдирди. Яъни улар пойтахтдан уй сотиб олиш, давлат ташкилотида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум.

“Доимий рўйхатга қўйиш учун жуда катта пул керак. Доимий рўйхатда турмасангиз, милиционерлар паспортингизни олиб қўяди. Кейин пулингизни олиб, қўйиб юборади. Пул бермасангиз қамаб қўяди”, - дейди мардикорлар.

Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи бир аёл вилоятдан келиб, ижарада турадиган қўшнисидан участка инспектори таъмагирлик қилиб, ҳар ойда маълум миқдорда пул олиб туришини билдирди.

Ички ишлар вазирлиги штаб бошлиғи Анатолий Жўраевнинг таъкидлашича, мамлакатнинг бир жойидан иккинчи жойига борадиган ҳар бир кишининг ҳужжати бўлиши лозим. Ички ишлар ходимлари зарур ҳолатларда кишиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини текширишга ҳақли.

“Бундай ҳолатлар қонунга зид эмас. Айрим ҳолатларда ички ишлар ходимлари томонидан қонунлар бузилаётган бўлиши мумкин. Биз бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳаракат қиляпмиз”, - деди А.Жўраев.
XS
SM
MD
LG