Линклар

Қозоғистон ҳукумати делегацияси Тошкентда


Озодбек Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукумат делегацияларининг Бош вазирлар ўринбосарлари даражасидаги музокаралари ўтказилди. Хабарларга кўра, музокараларда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий соҳалардаги тўсиқларни бартараф масалалари муҳокама қилинган.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот котиби Гулмира Султоналининг сўзларига қараганда, учрашувда Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Рустам Азимов ва Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Сауат Минбоев икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги протоколни тасдиқлаган.

“2004 йили Остонадаги саммитда Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримов икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳамда иқтисодий соҳалардаги чекловларни бартараф этишга келишиб олган эди. Бир йил давомида икки давлат расмийлари бу борадаги ҳужжат лойиҳаси устида ишлади. Бугунги музокаралар чоғида мана шу ҳужжат лойиҳаси тасдиқланди”, - деди Г.Султонали.

Унинг таъкидлашича, ҳар икки мамлакат ҳам савдо-сотиқ алоқаларида муайян чекловларни жорий этган. Бу тўсиқлар бартараф этилса, ўзаро савдо-сотиқ алоқалари сезиларли даражада кучаяди.

Г.Султонали Қозоғистон делегацияси Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси, бир неча саноат корхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишганини маълум қилди.

Айтиш жоизки, музокаралар ёпиқ тарзда ўтказилди. Ўзбекистон расмийларидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиевнинг фикрича, Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан иқтисодий ҳамкорлиги жуда катта аҳамиятга эга. Аммо сўнгги йилларда бу ҳамкорлик кўлами тобора пасайиб келяпти.
XS
SM
MD
LG