Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар йўқ...ми, бор


Бошловчи: Бугунги давра суҳбатимиз сиёсий маҳбуслар мавзусига бағишланади. Давра суҳбатида “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов, “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғунов, жамиятшунос Баҳодир Мусаев, шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда бирорта сиёсий маҳбус йўқлигини эътироф этади. Қамоқдаги маҳбуслар эса фақат қилган жиноятлари учун жазо муддатини ўтамоқда. Сиз расмийларнинг бу иддаосига қўшиласизми?

О.Орипов: Сиёсий маҳбуслар муаммоси Ўзбекистон жамияти учун энг оғриқли нуқта. “Озодлик” радиоси бу мавзуни кўтараётганини катта журъат деб тушунаман.

Ўзбекистон Жиноят кодексида сиёсий айблар қўядиган моддалар мавжуд. Хусусан, 159-модда (конституциявий тузумга тажовуз қилиш). Худди шу моддалар бўйича қамалган шахсларни сиёсий маҳбуслар сафига қўшмаслик жаҳон жамоатчилигини, халқимизни алдашдир.

Қалбакилаштирилган жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтирган кишиларни ҳам сиёсий маҳбус сафига қўшиш мумкин. Ҳозир қамоқхоналарда қалбаки қотиллар, террорчилар, экстремистлар, наркотик савдогарлари ўтирганини бутун дунё билади. Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар борлигига бизда шубҳа йўқ.

Тақиқланган ташкилотларга, сиёсий гуруҳларга аъзолик, улар фаолиятида қатнашиш айблари билан қамалганлар ҳам сиёсий маҳбуслардир.

2-3 йил муқаддам Олий суднинг ўша вақтдаги раиси Мингбоев Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар йўқлиги, аммо 159-модда билан қамалганлар борлиги, улар сони 2 мингдан ошиқлигини тан олган эди.

Бошловчи: Дадахон ака, сиз Ўзбекистоннинг 25 миллион аҳолисидан 5 миллиони ҳокимият бошқаруви, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, қолган 20 миллион киши эса сиёсий маҳбус эканини таъкидлаяпсиз. Буни қандай асослайсиз?

Д.Ҳасан: Жамиятимизнинг қамоқхонадан ҳеч қандай фарқи йўқ. Қамоқхонада ҳам жамиятдаги каби чекловлар бор. Ҳатто қамоқхонадаям овқат беради. Гўёки очиқда юрган одамларга эса овқат йўқ. Одамлар очликдан ўлмоқда. Демоқчиманки, жамият ва қамоқхонанинг фарқи кам.

А.Турғунов: Ўзбекистон Конституциясида сиёсий ҳуқуқлар белгилаб берилган. Бироқ улар ҳаётда амал қилмайди. “Ҳибс” сўзи ҳам “маҳбус” сўзидан келиб чиққан. Кишилар ўзининг эркин фикрини айта олмайдиган жамият қамоқхонадан қандай фарқ қилсин?

Б.Мусаев: Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар бор-йўқлигини тасдиқлаш учун вақтни бекорга сафрлаш шарт эмас. Ўн йилдан ошдики, мамлакатда сиёсий қарашлари учун одамлар қамаляпти. Шахсан мени бу ажаблантирмайди. Чунки тузумимиз тоталитаризм меросхўри. Бу тузум аввалги империянинг қолдиғи. Одамларда ҳам ўша тузумдан қўрқув аломатлари қолган. Шунинг учун ҳозирги тузум ҳокимиятдан ажралишдан қўрққанидан жамиятни ҳам қўрқув асосида ушлаб турибди.

Бошловчи: Ҳукумат сиёсий маҳбуслар йўқлигини айтади. Сизлар эса борлигини таъкидлаяпсиз. Унда сиёсий қарашлари учун кишилар қандай айблар билан қамалмоқда?

О.Орипов: Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳокимиятида ёлғон, алдамчилик, ғирромлик, қалбакилик чуқур илдиз отган. Конституциявий тузумга энг катта тажовуз қилаётган ҳам ҳокимият тузилмаларининг ўзидир. Чунки суд тизимида, адолат ўрнатувчи тизимда энг мураккаб жиноят ишларини қалбакилаштиришга шунчалик усталар кўпайиб кетганки, бунчалик алдамчилик ва сохталаштиш тарихда ҳеч бир давлатда кузатилмаган назаримда.

Агар бугунги кунда ҳукумат олдига сиёсий талаблар қўйиладиган бўлса, биринчи навбатда, сиёсий маҳбусларни зудлик билан озод қилишни сўраш керак. Яъни умумий сиёсий амнистия эълон қилиш зарур. Ана шунда ҳукуматга ишонса бўлади.

Д.Ҳасан: Австралияда аборигенлар яшайди. Уларни қонундан ташқари халқ, деб аташади. Ҳозир биз ҳам шу шароитда яшаяпмиз. Мамлакатимизда амалда қонун йўқ, суд йўқ, ҳукумат йўқ, Конституция йўқ, ҳатто Президент йўқ. Шундай экан, қонунсизлик йўқ жойда тепадан буйруқ бўлса, ҳар кимни қамаш мумкин. Бунда шахснинг жиноятчи, жиноятчи эмаслигига қаралмайди.

Шунинг учун ҳукумат сиёсий маҳбус йўқлигини таъкидлаши табиий. Ҳозир оддий намозхон ҳам сиёсий маҳбусга айланмоқда.

Бошловчи: Ўзбекистон нечта сиёсий маҳбус борлиги, норасмий бўлса-да, ҳисоб-китоб қилинганми?

А.Турғунов: Бизда нафақат сиёсий маҳбуслар, оддий маҳбуслар ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Чунки бу ҳақда ахборот олишнинг имконияти йўқ, маълумотлар сир сақланади. Шунга қарамай, таниқли сиёсий маҳбусларга қараб хулоса чиқариш мумкин. Масалан, Аҳмаджон Одилов. Совет турмасида 7,5 йил судсиз, айбсиз ўтирган. Каримовнинг ўзи бу шахсни Ўзбекистонга олдириб келган. Бу ерда у Каримов сиёсатини қўлламагани, ўзи сиёсий партия тузмоқчи бўлгани учун қамалди.

Ёзувчи Мамадали Маҳмудов ҳам қамоқда ўтириб, китоб ёзяпти. У ҳам Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Рашид ва Муҳаммад Бекжонлар каби жазо муддатини ўтаган бўлса-да, озодликка чиқарилмаётир. Буларга турли сохта айблар қўйилиб, жазо муддатлари мунтазам чўзиб келиняпти.

Бошловчи: Сиёсий маҳбуслар бўлмаслиги учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

О.Орипов: Сиёсий маҳбуслар борлигининг ўзи ҳукумат яроқсизлигининг энг муҳим кўрсаткичидир. Менинг назаримда, биринчи навбатда, 159-моддани бекор қилиш зарур. Қолаверса, ҳозирги сиёсий йўналишдан воз кечилмагунча, юртимизда аҳвол яхшиланмайди.

Д.Ҳасан: Биз ҳаммамиз ўзбекка айланиб, ўзбекнинг дардини билишимиз керак. Халқни озод этиш учун ҳамма аҳил бўлиши, айниқса, мухолифат бирлашиши лозим. Ўшанда сиёсий маҳбуслар бўлмайди.

А.Турғунов: Ҳар ким ўзининг эркин инсон эканини, ҳақ-ҳуқуқи борлигини англаши, бу ҳуқуқни талаб қилишни ўрганиши керак.

Б.Мусаев: Кишиларни эркинлик шароитида яшашга ўргатиш зарур. Токи улар фақат ўзларининг яқинлари эмас, балки бутун халқ, мамлакат келажаги учун масъулиятни ҳис этсин.

Бошловчи: Давра суҳбати якунланган сўнг “Озодлик” мухбири кўтарилган мавзу юзасидан Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Шерзод Қудратхўжаевга мурожаат қилди. У қуйидагича мулоҳаза билдирди.

Ш.Қудратхўжаев: Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар йўқ. Чунки сиз айтаётган таснифдаги одамлар (сиёсий маҳбуслар демоқчи) кўпроқ 159-модда бўйича, яъни конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган. Улар шу моддада белгиланган айблар асосида ҳибсга олинган. Ўйлайманки, бу ҳолатларни ЖКнинг шу моддасига яраша баҳолаш керак.
XS
SM
MD
LG