Линклар

Сафар Абдуллаевга ишониш керакка ўхшайди


Шайбон Маълумотларга қараганда, сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари кузатувга олинган.

“Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, у Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (IWPR) Тошкентдаги ваколатхонасига келаётганида ўзини кузатишаётганини сезиб қолган. Номаълум шахслар унинг ҳаракатларини очиқ-ошкора тасвирга олиб турган. У ваколатхонага кириб кетгандан кейин ҳам кузатув икки соатча давом этган.

М.Тожибоева уни бу каби кузатишлар 15 апрелдаги воқеадан буён мунтазам давом этаётганини билдирди.

Ўшанда, М.Тожибоеванинг таъкидлашича, ўта катта лавозимдаги кишилар топшириғи билан у ўғирлаб кетилган, тилга олиб бўлмайдиган даражада ҳақоратланиб, Тошкентдан Фарғонага элтиб қўйилган эди.

IWPR мухбири Юсуф Расулов ваколатхона бир неча кундан буён кузатувда эканини маълум қилди.

IWPR мухбири Қудрат Бобожоновнинг айтишича, ваколатхона ходимлари кузатув олиб бораётган кишилар олдига борган ва улардан нега бу ерга келиб-кетувчиларни тасвирга олишаётгани билан қизиққан. Лекин номаълум шахслар кузатув олиб бораётганини инкор қилган ва тезда бу ерни тарк этган.

Ваколатхона раҳбари Галима Бухорбоева бу ҳолат IWPR мухбирларига нисбатан амалга оширилаётган ошкора таъқибнинг таркибий қисми эканини таъкидлади.

“Сўнгги бир неча кун ичида негадир офисимизга солиқ инспекцияси ва ҳокимлик вакиллари тез-тез келадиган бўлиб қолди. Улар офисни ким ижарага бергани, ижара шартномаси қай тарзда тузилгани ҳақида саволлар бермоқда. Биз тақдим этган ҳужжатларни кўргач, узр сўраб кетади, сал ўтмай бошқа саволлар билан қайтади”, - деди Г.Бухорбоева.

Интернетда Сафар Абдуллаев имзоси билан тарқатилаётган мақолаларда Ўзбекистонда мухолифат вакиллари, жумладан, фаол мустақил журналистларга нисбатан қатағон режалаштирилгани айтилади.

Гарчи бу мақолалардаги келтирилган фактларни ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шараффуддинов инкор қилган бўлса-да, кузатувларнинг кучайгани журналистларни бу материалларга жиддий муносабатда бўлишга ундамоқда.

“Биз бунга жиддий эътибор бермасликни истар эдик, лекин сўнгги воқеалар бизни сергаклантиряпти. Қолаверса, мана бу ошкора кузатувлар, жойларда мухбирларга уюштирилаётган ҳужумлар мақола муаллифи гапларида жон борлигига ишонтирмоқда”, - деди Г.Бухорбоева.

“Озодлик” мухбири IWPR офисига борганида бу ерда шубҳали машиналар турганига шахсан гувоҳ бўлди. Мухбир уларни ўргана бошлаганда машиналар дарҳол бу ерни тарк этди.

Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигидан мавзу юзасидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG