Линклар

logo-print

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

“XXI” газетасининг 28 апрель сонида Миродил Абдураҳмоновнинг “Миллий истиқлол ғояси ва матбуот ёки тўртинчи ҳокимият бунёдкорлик ғоялари йўлида қай даражада хизмат қилаётгани хусусида” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада, жумладан, бундай дейилади:

“Кейинги пайтда мамлакатимизда чоп этилаётган нашрларни расмий ва норасмийларига, “сариқ” ёки “оқ” матбуотга ажратишга уриниш ҳоллари кузатиляпти. Қаранг: Ўзбекистон телевидениесидаги “Маъсул сўз” кўрсатувининг кетма-кет уч сонида юқоридаги ҳолатга алоҳида урғу берилдики, бу охир-оқибатда давлат, нодавлат ва хусусий нашрларни бир-биридан ажратишга, узоқлаштиришга хизмат қилиши эҳтимолдан узоқ эмас. Энг ачинарлиси – на Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ва на бирор бир мутасадди идора ана шундай қарашларга нисбатан муносабат билдирмади. Ваҳоланки, мамлакатимиздаги барча нашрлар ягона идора орқали қонуний асосда расмий рўйхатдан ўтган. Демак, улар, мулк шаклидан қатъи назар, ўзбек миллий матбуотининг ажралмас бўлагидир”.


“Ўзбекистон овози” газетасининг 28 апрель сонида Ғофур Абдумажидовнинг “Инсон ҳуқуқи кафолати” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда шахсни ҳибсга олиш ваколатлари ҳақида тўхталиб, жумладан, бундай ёзилади:

“Халқаро ҳуқуқий меъёрларга кўра, эҳтиёт чораси сифатида шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш ман қилинган. Фақат айрим мураккаб ҳолатларда, агар ушлаб турилган тутқунни қамаш учун прокурор тақдим этган материаллар етарли эмас, деб ҳисобланса, суд шахсни 72 соатгача ушлаб туришга рухсат беради. Ривожланган мамлакатларнинг жиноят-процессуал қонунларида ҳам асосий жиддий эҳтиёт чораси қамоқдан иборат. Қамоқда сақламаслик кўпинча катта миқдорда гаров, камдан-кам ҳолатларда кафиллик билан алмаштирилади. Қонун талаблари бўйича қамоққа олиш фавқулодда чора деб қаралса-да, амалиётда аҳоли наздида жиноятчиликка қарши кураш кескин олиб борилаётгани тўғрисида тушунча уйғотиш, шунингдек, айбланувчидан иқрорлик ёки “керакли” кўрсатма олишни осонлаштириш мақсадида қамоққа олиш чораси кўпроқ кузатилади”.
XS
SM
MD
LG