Линклар

Ўзбекистон ёшлари хорижга кетишни истайди

  • Озодлик

Ўзбекистон ёшларининг аксарияти АҚШ, Европа ва Осиёнинг тараққий этган давлатларига кетишни истайди. Бу мамлакатларда таълим олиш билан бирга ўзининг моддий аҳволини яхшилаб олиш ёшларнинг бош мақсадидир.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ёшларнинг деярли барчаси хорижга боришдан мақсади шундай эканини билдирди.

Аммо, уларнинг фикрича, хорижга чиқиш ниҳоятда қийин, баъзилар учун эса амалга ошмайдиган орзудир.

Ўзбекистон Милий университети талабаси Олимжон АҚШга бориш учун уч йилдан буён тинимсиз ҳаракат қилиб келмоқда.

Унинг айтишича, у чет элга чиқиш учун ҳужжатларни тайёрлашда унчалик катта қийинчиликларга учрамаган. Аммо АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси унга виза беришни рад этган.

“Мен Америкага ҳам ўқиш, ҳам ишлаш учун бормоқчи эдим. Шу билан бирга, Америка ҳаёти, халқи, маданиятини ўрганиш ниятим бор эди. Лекин Америкага нима мақсадда кетаётганингизга элчихона ходимларини ишонтириш жуда қийин иш. Улар жуда кўпчиликка виза беришни рад этяпти”, - деди Олимжон.

Олимжоннинг таъкидлашича, АҚШга бориш ҳаракатларини тўхтатмоқчи эмас. Ҳар қандай шароитда ҳам мақсади сари интилаверади.

24 ёшли Ҳаёт Тўйчиев бир неча хорижий мамлакатларда бўлган.

Ҳ.Тўйчиевнинг сўзларига қараганда, у Нью-Йорк штатидаги университетда ўқиган. АҚШда пул ишлагани борган бир неча ўзбек ёшларини учратган.

“Улар жуда кўп ишлайди. Кунига 16-18 соат ишлайдиган йигитларни танийман. Улар бир уйда 4-6 киши яшайди. Баъзиларининг виза муддати тугаган. Лекин улар мамлакатдан чиқариб юборилмагунча, ўша ерда қолмоқчи”, - дейди Ҳ.Тўйчиев.

Ҳ.Тўйчиевнинг фикрича, ўз ёшларининг хорижга интилишига бош сабаб Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий аҳволнинг оғирлигидир. Ёшлар юртида ўз қобилияти, билимини амалга ошира олмайди.
XS
SM
MD
LG