Линклар

Туркманистонлик ўзбеклар мамлакат ичкарисига мажбуран кўчирилмоқда

  • Сарвар Усмон

Қароргоҳи Венада жойлашган "Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси" ташкилоти куни кеча тарқатган маълумотномада Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида яшовчи ўзбеклар мамлакат ичкарисига мажбуран кўчирилаётгани билдирилган.

"Одамларнинг хотин-бола-чақалари, кўч-кўрони, қопларию сумкалари билан машинага ортилаётганига гувоҳ бўлганлар оз эмас. Аёлларнинг, болаларнинг йиғи-сиғиси, бақир-чақири Ниязовск шаҳри марказидан анча узоқда ҳам эшитилиб турди.
Айтишларича, ҳатто баъзи полиция ходимлари кўз ёшларини тўхтатиб туролмади", -
дейилади халқаро ташкилот маълумотномасида.

Инсоф юзасидан шуни айтишимиз керакки, чегараолди ҳудудларида яшаётган ўзбекларни мамлакат ичкарисига кўчириш ҳозирча оммавий тус олгани йўқ. (Туркманбошининг туркман бўлмаганларга нисбатан олиб бораётган сиёсатини эсга олсак, "ҳозирча" деган писанданинг ортиқча эмаслиги яққол сезилиб қолади)

15 апрелдан 18 апрелгача – 3 кун давомида Тошҳовуз вилоятидан Балқан вилоятига, саҳро зонасига кўчирилган ўзбеклар жами бўлиб 40 киши ва уларнинг оила аъзоларидир.

Бир қарашда, уларни ўз уйлари - ўлан тўшакларидан мажбуран кўчиришга асос ҳам бордай: кўчирилган ўзбеклар Туркманистондан Ўзбекистонга ғайри қонуний равишда бензин, керосин, пахта мойи, қанд, буғдой, ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ташиётган пайтда қўлга тушган.

Ҳар бир давлатда бўлгани каби Туркманистон Жиноят кодексида ҳам контрабанда билан шуғулланганларга жазо чоралари белгилаб қўйилган. Бироқ маҳаллий қозиятлар (Туркманистонда судлар шундай аталади) қўлга тушганларни қонунга биноан жазолаш ўрнига Туркманбоши кўрсатмаси билан сургун қилди, дейилади "Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси" ташкилоти тарқатган баёнотда.

Кўчирилган ўзбеклар сургунда 5 йил яшашга маҳкум этилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бошқа бир ташкилот – Туркман-Хелсинки жамғармаси раиси Тожигул Бегмедова воқеани шарҳлар экан,
"Бундай репрессиялар Сталин ва Ежов даврида бўлар эди", - деди.

Худди шундай фикрни рус тилида чиқадиган Марказий Осиё ва Кавказ журнали Бош муҳаррири Мурад Эсенов ҳам билдириб, "Бундай амалиёт Совет даврида, Сталин даврида бор эди", - деди.

Унинг айтишича, "чегараолди ҳудудлари аҳолисини контрабанда билан шуғулланишга тирикчилик ўтказишнинг йилдан йилга қийинлашиб кетаётгани мажбур қилмоқда, чунки вилоятларда иш жойлари очилмаяпти, давлат бойлигидан мамлакат аҳолиси тенг фойдалана олмаяпти. Олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг нотўғрилиги натижасида ёшлар савдо-сотиқ билан шуғулланишга мажбур бўлаяпти. Улар шуғулланаётган фаолият ғайри қонуний бўлган тақдирда ҳам, бунинг учун уларни сургун қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ".

Контрабандачиликда айбланиб, сургун қилинган ўзбеклар бу иш билан қўл учида шуғулланаётганлардир. Маҳсулотларни Туркманистондан Ўзбекистонга катта машиналарда ташувчи корчалонлар чегарадан бемалол ўтиб-қайтиб юрибди, дейилади "Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси" ташкилоти томонидан.
XS
SM
MD
LG