Линклар

Тошкентда зарғалдоқ рангли чодир тикилди


Тўлқин 3 май куни Тошкентдаги АҚШ элчихонаси биноси олдида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидан келган 60 га яқин фуқаро пикет уюштирди. Бу ерда пикетчилар ва фуқаро кийимидаги шахслар ўртасида тўқнашув бўлди.

Пикетчиларнинг қаттиқ қаршилигидан сўнг уларнинг йўлини тўсган шахслар чекинди. Норозилик акцияси иштирокчилари плакат ва шиорларини кўтариб, элчихона рўпарасида саф тортди.

Пикетчилар Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси раиси Маҳмуд Асқаровнинг истеъфосини талаб қилди.

Норозилик акцияси қатнашчиларининг аксарияти Шаҳризабз туманидаги “Кеш” акциядорлик жамиятининг акциядорлари ва уларнинг яқинлари бўлиб, бундан тўрт йил аввал Давлат мулки қўмитаси уларни акцияларидан маҳрум этганди.

Акциядор Бахтиёр Чориев ҳукуматдан акцияларни қайтариб беришни талаб этаётгани, агар бу талаб бажарилмаса, яқинлари АҚШдан сиёсий бошпана сўрашини билдирди.

Пикетда фарзандлари қамалган шаҳрисабзлик фуқаролар ҳам иштирок этди. Уларнинг айтишича, фарзандлари ноқонуний қамалган. Уларга қамоқда қаттиқ қийноқлар қўлланилган.

Пикетчилар элчихона рўпарасида зарғалдоқ ва оқ рангли чодирлар тикди.

Пикетни тарқатиб юборишга уриниш бўлди. Акция ўтказилаётган йўлга асфальт ётқизадиган машина олиб келиниб, пикетчилардан бу ердан кетиш талаб қилинди.

Аммо пикетчилар ўз қарорларида қаттиқ туриб олгани сабабли асфальт ётқизадиган машина олиб кетилди.
XS
SM
MD
LG