Линклар

logo-print

Тунги калтакланиш излари дарҳол йўқ қилинди


Феруза 3 май куни тунда милициянинг махсус бўлинмаси ходимлари томонидан АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси рўпарасида пикет уюштирган фуқароларнинг калтакланиши излари дарҳол йўқ қилинди.

Бир қарашда бу ерда ўтган тунги нохушликдан дарак берувчи ҳеч нарса кўзга ташланмайди. Фақат пикетчилар калтакланган кўп қаватли уй олдидаги йўлакчанинг янгидан асфальт қилинганини сезиш мумкин. Йўлакча ва 3 май куни чодир тикилган жой супириб-сидириб қўйилган.

“Озодлик” мухбири шу атрофдаги уйлар соҳиблари билан тунги воқеа ҳақида суҳбатлашмоқчи бўлганида уларнинг аксарияти гапиришни ҳам истамади, баъзилари эса ўзини тинч қўйишни, ҳеч нарсадан хабари йўқлигини айтди.

Фақат бир қари рус аёлигина тунда пикетчилар калтаклангани, улар қаттиқ бақир-чақир қилгани, кейин эса автобусга тиқилиб, олиб кетилганини кўрганини айтиб берди.

Яна бир гувоҳ эса калтаклаш жуда тез ва кутилмаганда юз бергани, пикетчиларнинг чодирлари ҳам автобусга жойланиб, олиб кетилганини гапириб берди.

Воқеа гувоҳларидан яна бири ўтган тунни бундай эслайди:

“Мен кеча қош қорайганда ҳам бу ерда одамлар турганини кўрган эдим. Уларнинг кўпчилиги аёллар ва ёш болалар эди. Ярим тунда меҳмондорчиликдан қайтсам, иккита милиционер чодирлар ўрнини тартибга солаётганини кўрдим, холос. Яқинларимнинг айтишича, пикетчиларга кўпроқ фуқаро кийимидаги кишилар ташланган. Кейин ҳуқуқ-тартибот ҳодимлари ҳам уларга қўшилиб, куч ишлатган ва пикетчиларни автобусга тиққан. Уйимиз олдидаги йўлак асфальтланиши эса қон изларини йўқотиш учун қилинган бўлса керак”.

Эслатиб ўтамиз, қашқадарёлик 60 га яқин фуқаро ҳукумат истеъфосини, тортиб олинган мулклари қайтариб берилишини талаб қилиб, 3 май куни АҚШ элчихонаси олдида пикет ўтказган эди.

Улар бу ерда зарғалдоқ ва оқ рангли чодирлар ҳам тикканди.
XS
SM
MD
LG