Линклар

logo-print

ЕХҲТ ваколатхонаси тадбирни қолдирди


Феруза Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб ўтказилиши лозим бўлган тадбир қолдирилди.

Ваколатхонанинг мазкур лойиҳаси менежери Абдуваққос Абдураҳмонов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда анжуманга тўлиқ тайёрланишга улгурилмагани сабабли у қолдирилганини билдирди.

Мустақил журналистлардан бирининг фикрича, сўнгги вақтларда ЕХҲТ Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўп танқид қилинмоқда. Тадбирнинг қолдирилишига ваколатхонанинг мамлакат раҳбарияти билан кескин ихтилофга боришни истамагани ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Мустақил журналист Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда ЕХҲТ Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятга бефарқ қарамоқда.

“Шунинг учун бу каби тадбирларнинг қолдирилиши ЕХҲТ учун катта чекиниш ҳам ҳисобланмайди”, - деди А.Аннаев.

Жаҳон матбуот эркинлиги кунини нишонлаш Ўзбекистонда одат тусига кириб бораётганди. Аммо бу йил мазкур сана деярли нишонланмади.

Баъзи кузатувчилар ва журналистлар бунга мамлакатдаги ОАВни қўллаб-қувватлаган айрим халқаро ташкилотлар, жумладан, Очиқ жамият институти – Сорос жамғармаси фаолияти тугатилгани, “Интерньюс” ташкилоти раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Мустақил журналист Сергей Ежковнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда бу санага бағишлаб тадбирлар ўтказиш у ёқда турсин, маҳаллий ОАВда тилга ҳам олинмади.

“Менимча, сўз эркинлиги Ўзбекистонда ҳеч кимга, шу жумладан, аксарият журналистларга ҳам керак эмас. Шундай бўлгач, Жаҳон матбуот эркинлиги кунини нишонлашни ким ҳам истарди”, - деди С.Ежков.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда сўз эркинлиги сари кичик силжиш ҳам кўзга ташланаётгани йўқ. Ҳозир ҳукумат тазйиғисиз ҳам маҳаллий журналистларнинг ўз фаолиятини цензура қилишга интилиши кучаймоқда.
XS
SM
MD
LG