Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:13

Эроннинг ядровий дастури устида Вашингтон-Теҳрон тортишувлари


А.Арал БМТнинг Ню-Йоркдаги қароргоҳида ядровий қуролларни тарқатмаслик масалаларига бағишланган икки кунлик халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда нутқ сўзлаган Эрон Ташқи ишлар вазири Камол Харрозий Теҳрон тинч мақсадларга қаратилган уранни бойитиш ишларини давом эттиришини билдирди. Унга кўра¸ Эроннинг тинч мақсадларга қаратилган ядровий дастурини чеклаб қўйиш қабул қилиб бўлмайдиган талабдир. АҚШ ҳукумати эса Эронни уранни бойитиш дастуридан воз кечишга чақирмоқда. Вашингтон Теҳроннинг яширин равишда ядровий қуроллар ишлаб чиқаришга интилаëтганидан хавотирланмоқда.

БМТнинг ядровий қуролларни тарқатмаслик масаласига оид анжуманида АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида Теҳроннинг ядровий дастури хусусида кескин келишмовчиликлар юз берди. Эрон Ташқи ишлар вазири Камол Харрозий йиғилиш қатнашчиларига¸ Теҳрон ядровий технологиянинг барча қонуний турлари¸ жумладан уранни бойитиш ишлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга¸ деб баëнот берди.

“Баъзи кишиларнинг ядровий қуролларни тарқатмаслик баҳонасида¸ тинч мақсадларга қаратилган ядровий дастурлардан фойдаланишни айрим давлатларгагина хос қилиб қўйишга интилишини асло қабул қилиб бўлмайди”¸ - деб таъкидлади Харрозий.

Унга кўра¸ масалага бундай ëндашув ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасига зиддир. Харрозийнинг айтишича¸ Эрон мазкур шартнома асосида уранни бойитиш ҳуқуқига эга ва бу иш Халқаро атом энергияси агентлигининг тўлиқ назорати остида олиб борилиши мумкин.

Ўз навбатида АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Ричард Баучер¸ Эрон каби мамлакатлар ядровий қуроллар ишлаб чиқариш арафасида турганини айтади.

“Гап у ëки бу ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳақида эмас. Гап шундаки¸ Эрон ядровий қуроллар ишлаб чиқаришга интилмаëтганига жаҳон жамоатчилигини ишонтириши керак”¸ - дейди АҚШ расмийси.

Вашингтон ва бошқа айрим давлатларнинг билдиришича¸ Ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасига аъзо Эрон яширин равишда атом қуролларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган технологиялардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Эрон эса бундай иддаоларни рад қилиб келмоқда.

Америкалик мутахассис Дэвид Албройт фикрича¸ Эрон ҳукумати мамлакатнинг ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганига халқаро жамоатчиликни ишонтира олмаяпти. Айни пайтда¸ ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича БМТ анжумани иштирокчилари ҳам муаммо ечимини топишга муваффақ бўлишмаяпти.

“Мен ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасига аъзо давлатлар конференцияси АҚШ ва Эрон ўртасидаги сўз ўйинларидан иборат бўлиб қолишидан хавотирланаман”¸ - дейди мутахассис Албройт.

Унга кўра¸ Европа Иттифоқи давлатларининг Эрон билан музокаралар олиб бориш ташаббуслари
анжуман диққат марказидан четда қолиб
кетиши мумкин. Ҳолбуки¸ ушбу ташаббусни АҚШ ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Душанба куни Халқаро атом энергияси агентлиги бошлиғи Муҳаммад ал-Барадей Эронда ишлаб чиқариладиган ядровий ëқилғини минтақа ва
халқаро кузатувчилар ҳар томонлама назорат қилишини таклиф қилди. Россия расмийси бу таклифни дарҳол қўллаб-қувватлади.

Эрон ядровий масаласи Халқаро атом энергияси агентлиги доирасида ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаган Хитой расмийси эса Европа Иттифоқининг Эрон билан музокаралар олиб
бориш ташаббусларини ҳимоя қилиб чиқди.
XS
SM
MD
LG