Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:09

Ижтимоий ҳуқуқлар таъминланмаса, сиёсий талаблар илгари сурилади


3 май куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси олдида тинч намойиш ўтказган фуқароларнинг калтакланиши муносабати билан 5 май куни наманганлик мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари баёнот эълон қилди.

Баёнотда ёзилишича, ўз ҳақларини ҳимоя қилган фуқароларни, айниқса, гўдакларни калтаклаш ҳар қандай жамиятда қораланади.

Намангандаги “Ҳимоя гуруҳи” ташкилоти раҳбари Собитхон Устабоевнинг сўзларига кўра, фуқаро ўз норозилигини намойишлар, пикетлар орқали билдириши қонунчиликда кўрсатилган. Фақат шу йўл билан норозилик билдирилгандагина муаммолар тинч ҳал этилади. Акс ҳолда кишиларнинг исён кўтаришдан бошқа иложи қолмайди.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси аъзоси Олимжон Юнусов Ўзбекистон ҳукумати халқнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи кун сайин ночорлашиб бораётган бир пайтда куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар учун миллиардлаб сўм маблағ сарфлаётганини таъкидлади.

“Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўз норозилигини билдираётган фуқаролар ўзбек эканини, миллатдошлари эканини англаши керак”, - деди О.Юнусов.

“Эрк” партиясининг Қўқон ҳудудий бўлими раиси Муҳаммаджон Халилов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда наманганлик мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг баёнотини қўллаб-қувватлади.

Унинг фикрича, аҳолининг ижтимоий, иқтисодий ва шахсий ҳуқуқлари давлат томонидан қонуний йўллар билан муҳофаза қилинмаса, одамлар сиёсий талаблар билан чиқа бошлайди. Ҳукумат бу оддий ҳақиқатни тушуниб етиб, муаммоларни ечиши лозим.
XS
SM
MD
LG