Линклар

Юбилейнинг “шарофати” билан Қарши аҳолиси иссиқ сувсиз қолди


Фирдавс Қарши шаҳрининг 2700 йиллигига тайёргарлик кўриш ишлари сабабли апрель ойи ўрталаридан бошлаб шаҳарнинг бир неча миттитуманлари иссиқ сув таъминотидан маҳрум бўлди.

Шу кунларда 4-5-6-миттитуманларда аҳолига иссиқ сув етказиб берилмаётир.

4-миттитуманда яшовчи Надежда Ғаффорованинг айтишича, аввалари ҳам иссиқ сув мунтазам бўлмасди. Энди эса иссиқ сув таъминоти буткул тўхтатилган. Бу борада мутасаддиларга қилинган мурожаатлар самара бермаган.

Шу тумандаги уйлардан бирининг бошқарувчиси Шароф Равшановнинг сўзларига кўра, аҳоли нафақат иссиқ сув йўқлигидан, балки ичимлик сув танқислигидан ҳам азият чекмоқда. Кунига бор-йўғи 1,5-2 соат давомида сув берилади. Юқори қаватда яшовчилар сувни челакларда ташишга мажбур бўлмоқда.

Ш.Рашидов шаҳар миттитуманларида иссиқ сув узилиб қолиши Қаршидаги амфитеатр қурилиши билан боғлиқлигини таъкидлади.

“Айтишларича, иссиқ сув қувури қурилишга халақит бераётган экан. Энди қувурни айлантириб ўтказишмоқчи”, - деди у.

Амфитеатр қурилишига мутасадди бўлган ташкилот вакили Алиқул Жамолов мавжуд қувурлар олиб ташланиб, янгисини ёпиқ усулда ўтказишга қарор қилинганини билдирди.

Аҳолининг талаби билан шаҳар санитария эпидемиология хизмати ходимлари иссиқ сувдан узиб қўйилган ҳудудлардаги аҳволни ўрганди ва вазият шундай сақланиб қоладиган бўлса, бу ерда юқумли касалликлар мумкинлигидан огоҳлантирди.

Иссиқ сув қувурларини алмаштириш вазифаси вилоят “Иссиқлик манбаи” корхонаси зиммасига юкланган.

Аммо корхона раҳбари Салоҳиддин Ҳикматов мавзу юзасидан “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашишни истамади.

Маълум бўлишича, 2 километр узунликдаги иссиқ сув қувурларини алмаштириш катта маблағ талаб этди. Аммо корхонада бунча маблағ йўқ.

“Бор маблағимизни ҳам яқинда вилоятдаги футбол клубларидан бирининг ҳисоб рақамига ўтказиб беришга мажбур бўлдик”, - деди корхона ходимларидан бири.
XS
SM
MD
LG