Линклар

Кенжаевлар оиласидаги мусибатлар


Лобар Гулистон туманидаги “Янгиҳаёт” жамоа хўжалигида яшовчи Кенжаевлар оиласида кетма-кет уч киши оламдан ўтди. Оила аъзоларининг айтишича, уларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

Ойсара Кенжаева катта акаси юрак хуружидан, отаси оддий гриппдан, синглиси тиш оғриғидан вафот этганини билдирди.

Карим Кенжаев эса уларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилганда ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини таъкидлади.

“Қишлоқда врачлик пункти, телефон алоқаси бўлганида шифокорларни чақириб, бирортасининг ҳаётни сақлаб қолиш мумкин эди”, - деди К.Кенжаев.

Гулистон тумани марказий шифохонаси бош шифокори Ўрол Бойзоқов Кенжаевлар оиласидаги уч кишининг ўлимини уларга тиббий хизмат кўрсатилмагани билан боғлаш нотўғри эканини айтди.

Шифокорнинг фикрича, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга тиббиёт ожиз эди. Чунки улар сурункали касалликлар билан оғриган. Қаршиевларнинг бири учинчи марта инфаркдан ўлган. Оила бошлиғи эса мияга қон қуйилиши асоратидан вафот этган.

Аҳолининг сўзларига кўра, қишлоқдаги ягона фельдшер-доялик пункти бундан 5 йил муқаддам сотиб юборилган. Шундан буён кишилар тиббий хизматдан фойдаланиш учун қўшни қишлоқ врачлик пунктига қатнайди.

Шифокор Ў.Бойзоқовнинг таъкидлашича, бу қишлоққа аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келиняпти. Тез тиббий ёрдам бўйича ҳам муаммо йўқ. Қолаверса, қишлоқ врачлик пункти аҳолиси 1200 нафардан кам бўлмаган ҳудудда қурилиши мумкин. “Янгиҳаёт” жамоа хўжалигида эса мингга яқин аҳоли яшайди.

Шундай бўлса-да, Ў.Бойзоқовнинг билдиришича, жорий йилда бу ерда қишлоқ врачлик пункти қуриш кўзда тутилган.

Аҳоли эса бундай ваъдаларга ишонмай қўйган. Чунки бу каби ваъдалар бир неча йилдан буён такрорланади. Жамоа хўжалиги ихтиёридаги бинолардан бирини қишлоқ врачлик пункти учун ажратилиб бериш талаби билан мутасаддиларга қилинган мурожаатлар ҳам эътиборсиз қолиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG