Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:33

Улар оч-наҳор, касалманд эди…


Феруза 1944 йилда Сталин буйруғи билан ўз юртидан бадарға қилинган қрим татарларининг катта бир қисми Ўзбекистондан бошпана топган эди. Оч-яланғоч бу халқ вакилларининг ўз қаддини тиклаб олишига ўзбеклар катта ёрдам берганди.

Қатағонни бошдан кечирган мазкур халқ вакили Нусрет Идриевнинг хотирлашича, 1944 йил майда ярим тунда қрим татарларининг уйларига қизил аскарлар бостириб кириб, кўчишга тайёргарлик кўриш учун беш минут вақт берган. Ўзбекистонга, асосан, қариялар, аёллар ва болалар кўчирилган. Ишга яроқли ёшлар ва эркаклар эса Сибирга сургун қилинган.

Тошкентлик Садриддин ота Ғиёсиддин ўғли Мирзачўлга олиб келинган қримлик болаларнинг аҳволи жуда ночор бўлганини таъкидлади.

“Улар Ўзбекистонга келгунча йўлда кунларини оч-наҳор ўтказган. Болалар касалманд, ориқ эди. Катта қозонга овқат бериш бошланганда улар ўла бошлади. Чунки уларга ёрдам кўрсатадиган шифохоналар йўқ эди. Ўлган болаларни 2-3 километр узоқликдаги қумга олиб бориб, аравада аввалдан қазилган чуқурга ағдарар эдик”, - дейди Садриддин ота.

Чирчиқ қрим татарлари миллий ҳаракати раиси Юсуф Халилов сургун қилинганларнинг ярмидан кўпроғи йўл азобидан, қолаверса, Ўзбекистон иқлимига мослаша олмай ўлиб кетганини билдирди.

Унинг айтишича, урушнинг мана шу жароҳатларига гувоҳ бўлган қрим татарларининг кўпчилиги ҳозир оламдан ўтган. Баъзилари эса ўз тарихий ватанига кўчиб кетган.

Ю.Халиловнинг билдиришича, ўтган асрнинг 80-90 йилларида Ўзбекистонда уч юз мингдан ортиқ қрим татарлари яшаган. Ҳозир эса улар сони 60-70 минг кишини ташкил этади.

Ю.Халилов оғир кунларда ўзбек халқи қрим татарларига қўлдан келган ёрдамини аямаганини таъкидлади.

У қрим татарлари ўз ташаббуси билан ўзбек ва украин халқларига миннатдорлик рамзи сифатида ўтган йили Чирчиқда ёдгорлик ўрнатганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG