Линклар

Ўзбекистон сенаторларнинг ўзига хос, ўзига мос навбатдаги мажлиси

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 6 май куни Тошкентда ўтказилган иккинчи ялпи мажлисида 13 та муҳим масала кўрилган бўлса-да, у баҳссиз, тортишувларсиз ўтиши билан турғунлик йилларидаги КПСС съездларини эсга солди.

Мажлисда сўзга чиққан сенаторлар Президентдан иқтибос келтириш борасида мусобақа қилди, дейиш мумкин.

Мажлисни кузатиб борган журналистлар сенаторлар барча масалаларда мисли кўрилмаган якдиллик кўрсатганига гувоҳ бўлди. Сенат раиси Мурод Шарифхўжаев қандай масалани овозга қўймасин, у саноқли дақиқаларга қабул қилинди.

Раис ҳатто қаршилар ва бетарафлар бор-йўқлигига қизиқиш ҳам билдириб ўтирмади.

Сенат мажлисида Олий Суд , Олий хўжалик суди таркибига ўзгартиришлар киритилди. Мазкур судлар судьялигига номзодлар, шунингдек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раислигига номзод ўртага чиқарилиб, сенаторларга таништирилди.

“Халқ вакиллари” уларни ҳеч қандай саволга тутмасдан, якдиллик билан янги лавозимларга тасдиқлади.

Балки номзодларнинг Сенат муҳокамасига Президент томонидан тавсия этилгани сенаторларга бу шахсларга ишонмасликка ўрин қолдирмагандир?!

Сенаторлар муҳокамасига Акмал Икромов тумани номини ўзгартириш масаласи ҳам қўйилди. Сенатор Эркин Воҳидовнинг айтишича, бу масала аввал “Учтепа” маҳалла йиғини томонидан Акмал Икромов тумани фуқаролар йиғинига, сўнгра Тошкент шаҳри ҳокимлигига тақдим этилган.

“Бу масала (Акмал Икромов тумани номини Учтепа деб ўзгартирилиши) олимлар томонидан ўрганилган. Масаланинг кўтарилиши Ўзбекистон ҳукумати, шахсан Президентимизнинг тарихий қадриятларимизни тиклаш, айниқса, топонимик номлар қўйиш масаласидаги кейинги сиёсатига тўла мос келади”, - деди сенатор шоир.

Сенат Европа Иттифоқига янги давлатлар қўшилиши муносабати билан ушбу ҳамжамият ҳамда Ўзбекистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга доир баённомани ратификация қилди.

Мажлисда Сенатнинг бир неча қўмиталари таркиблари сайланди. Шунингдек, Омбудсманнинг 2004 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тингланди.
XS
SM
MD
LG