Линклар

Кишиларнинг асосли талабларини бажармаслик ҳукумат учун хавфли

  • Барно Анвар

Хабарларга қараганда, 3 май куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси олдида тинч норозилик пикети ўтказган қашқадарёлик фуқароларга нисбатан тазйиқлар давом этмоқда.

Маълум бўлишича, пикетда иштирок этган Зулфия Чориева гўёки мажлисга деб уйидан олиб кетилган. У ерда З.Чориева ва пикетнинг бошқа қатнашчиларига тазйиқлар бўлган.

Сўнгги олинган маълумотларга кўра, шу кунларда пикет қатнашчилари яшайдиган кўчалар ва маҳаллалар кучли назоратга олинган. Кўп сонли милиция ходимлари бу кўчаларга ҳеч кимни киритмаётир.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова “Озодлик” мухбирига мазкур пикет иштирокчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилмаганини маълум қилди. Чунки уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаган.

Унинг таъкидлашича, мазкур пикетнинг тарқатиб юборилиши тинчликни сақлаш ва норозилик чиқишида қатнашган 19 гўдакнинг тақдирини ўйлаб амалга оширилган. Қолаверса, пикет иштирокчилари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатган.

Шунга қарамай, мазкур пикетда фуқароларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари бор-йўқлиги аниқланмасдан туриб, уларга нисбатан куч ишлатилди, айрим фуқаролар калтакланиб, тан жароҳати олди.

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаровнинг таъкидлашича, қашқадарёлик фуқароларнинг норозилик чиқиши ўз кўринишига кўра пикетдир. Пикет ўтказиш учун ҳокимият органларидан рухсат олиш шарт эмас. Шу нуқтаи назардан намойишчиларга нисбатан куч ишлатилиши ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ходимларининг ўз ваколатлари доирасидан четга чиққанини англатади.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва айрим сиёсатчилар пикетчиларга нисбатан куч ишлатилганини оқлаб бўлмаслигини айтмоқда.

“Озод деҳқонлар” партияси марказий кенгаши аъзоси Баҳодир Намозов пикетчиларнинг калтакланиши демократик жамият қурилаётгани ҳақида бонг ураётган ҳукумат арбобларининг сўзлари пуч эканидан далолат беришини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Искандар Худойбергановнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон раҳбарлари зулм зулмни юзага келтириши ҳақида кўп гапиради. Аммо ҳукуматнинг ўзи биринчи бўлиб зулмга қўл уряпти.

“Кишиларнинг асосли талабларини қабул қилмаслик ҳукуматнинг ўзи учун жуда хавфли”, - деди И.Худойберганов.
XS
SM
MD
LG