Линклар

Ўзбекистон парламентининг 100 куни


Тўлқин Ўзбекистоннинг янги парламенти иш бошлаганига 100 кун бўлди. Бироқ кўпчилик икки палатали янги парламент бир палатали аввалги Олий Мажлисдан умуман фарқ қилмаётганни эътироф этмоқда.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган фуқароларнинг айтишича, икки палатали парламентга ўтиш арафасида катта орзу-умидлар пайдо бўлганди. Лекин шу кунгача ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда бирорта арзирли ўзгариш кузатилгани йўқ.

“Биз депутатлар ўзи сайланган округ учун бирор фойдали иш қилганини эшитганимиз йўқ. Улар фақат сессиялар вақтида кўриниб қоляпти”, деди суҳбатдошлар.

Уларнинг фикрича, парламентда сиёсий ғоялар кураши бўлмас экан, парламентнинг неча палатали экани аҳамият касб этмайди.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг сўзларига кўра, депутатлар мажлислар ўтказяпти, бир-бирини олқишлаяпти. Аммо халқ олқишлайдиган, узоқ йиллардан буён кутаётган ўзгаришлар бўлаётгани йўқ.

“Аввалги депутатларни халқ танимасди, депутатлар ҳам халқни билмасди, - дейди Ш.Убайдулаев. – Бугунги депутатлар ҳам шундай. 1990 йилда сайланган депутатлар ва уларнинг ҳозирги ҳамкасблари фаолиятини солиштирганда 100 кун қанчалик аҳамиятга эга экани кўринади. Ўша пайтдаги депутатлар Муҳамад Солиҳ, Карим Баҳриев, Жаҳонгир Маматов, Алижон Қўчқоров ва бошқаларни халқ ҳали ҳам унутмаган”.

Ш.Убайдуллаевнинг таъкидлашича, депутатлар ҳукуматга тобе бўлмай, балки ўзлари ҳукумат тузиши керак. Парламент ўзининг мустақил дастури ва ҳаракатига эга бўлиши талаб этилади. Чунки унинг ортида 25 миллион халқнинг тақдири турибди. Шунингдек, парламент тўғри сўзлашга ўрганиши лозим. Зеро, мақтов ҳам маънавий порадир.

“Мен парламент фаолиятининг дастлабки 100 кунини депутатлар тўйиб ухлаган, тиббиёт тили билан айтганда, кома ҳолатига тушган вақт деб ҳисоблайман. Кома эса жуда ширин, лекин ўта хавфли уйқу”, - деди Ш.Убайдуллаев.
XS
SM
MD
LG