Линклар

logo-print

Меҳрибонлик уйлари “жаннат”ми?


Саида Беш ёшида мурувват уйига топширилган, аммо ҳозир у ердан қочиб кетиб, кўчада тиланчилик, баъзан мардикорлик қилиб кун кечираётган 13 ёшли Саша болалар уйига қайтиб боришни истамайди.

“У ерда мени кўп хафа қилишади. Шароитлари ҳам яхши эмас. Кўчада эса ҳар ҳолда тўйиб нон, болалар уйида орзу қиладиганим овқатларни сотиб олиб ейишга имконим бор”, - дейди Саша.

Ўзбекистонда ҳозир ижтимоий муҳофазага муҳтож болалар кўп. Уларнинг бир қисми меҳрибонлик уйлари ва ногирон болалар учун мўлжалланган муассасаларда яшайди.

Куни-кеча Тошкентда бўлиб ўтган “Ижтимоий ночор болаларга кўмак беришнинг самарали шакллари ва усуллари” мавзусидаги халқаро форумда таъкидланганидек, ҳозир Ўзбекистонда 13 та болалар уйи бор. Уларда 661 бола тарбияланади. Ақлий ва жисмоний қобилияти паст болалар учун эса 3 та ихтисослаштирилган ногиронлик уйи мавжуд.

Анжуманда маъруза қилган расмий идоралар вакиллари меҳрибонлик ва мурувват уйлари шифокорлар билан 100 фоиз, ўрта махсус малакали тиббиёт ходимлари билан 95 фоиз, ўқитувчилар билан 93 фоиз таъминланган.

Аммо 5 ёшли ногирон фарзандини мурувват уйига топширган фарғоналик Муаззам Ҳамидова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда расмийлар келтирган бу рақамлар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, фарзанди жойлаштирилган мурувват уйида ўқитувчилар етишмайди, мутахассис шифокорлар кам.

“Бу ерда логопед йўқ. Болаларни ўқитганини ҳам ҳеч кўрмадим. Ақли бутун болаларни ўқитиш керак-ку, ахир”, - деди М.Ҳамидова.

Ўзбекистон аҳолисининг 40 фоиздан ортиғини болалар ташкил этади. Ҳар йили юз минглаб йигит-қизлар ўрта мактабни тамомлаб, катта ҳаётга йўлланма олади. Улар орасида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам бор.

Аммо, халқаро форум иштирокчиларининг эътирофича, етим болаларнинг мустақил ҳаётдаги ижтимоий муҳофазаси таъминланмаган.

Форум иштирокчиларидан бирининг таъкидлашича, анжуманда сўзга чиққанлар Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида бироз ошириб гапирган. Гарчи ночор аҳолининг муаммолари тилга олинган бўлса-да, уларнинг келиб чиқиш сабаблари тилга олинмаган.

“Оналар ва болалар ўлими, анемия кабилар замирида айнан иқтисодий муаммолар ётибди. Демак аҳолини ночор аҳволдан қутқариш учун, аввало, иқтисодни юксалтиришни ўйлаш керак. Бундай анжуманларда оғиз кўпиртириб гапириш, юзлаб ҳужжатлар қабул қилиш билан аҳолининг оғирини енгил қилиб бўлмайди”, - деди форум қатнашчиси.
XS
SM
MD
LG