Линклар

Ўқувчи мактабга қўйилмади


Басира Бухоро шаҳридаги 13-ўрта мактабнинг 2-синф ўқувчиси Шаҳоб Ботиров мактаб формасида бўлмагани сабабли 6 май куни дарсларга қўйилмади. У форма кийиб келгандагина машғулотларга қўйилиши ҳақида огоҳлантирилиб, уйига қайтариб юборилди.

Шаҳобнинг онаси Мақсад Ботирова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мактаб маъмуриятининг бу ҳаракатидан қаттиқ норозилик билдирди.

“Дарсга қўнғироқ чалинган пайтда болани бундай сабаб билан машғулотларга қўймасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Болам ёш, шунинг учун ўзига қулай кийимда мактабга борганди”, - деди М.Ботирова.

13-мактаб раҳбари Ҳамро Саидова ўқувчини формаси йўқлиги сабабли уйига қайтариб юбориш тўғри эмаслигини тан олди.

“Бу пайтда боланинг ота-онаси ишга кетган бўлиши мумкин. Бу ҳолатда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳам ҳисобга олиниши керак эди. Биз Шаҳобни уйига қайтариб юборган навбатчи ўқитувчи билан тушунтириш ишлари олиб бордик”, - деди Ҳ.Саидова.

Бухоро шаҳри халқ таълими бўлимининг 2004 йил 27 январдаги буйруғи бўйича барча мактаблар ўз низомига эга бўлиши керак. Бу низомларда ўқувчиларнинг баҳор фаслидаги мактаб кийими қандай бўлиши ҳам белгиланган.

Низомга мувофиқ ўғил болалар оқ кўйлак ва қора костюм-шим кийиши керак.

Бироқ бу талабга кўпчилик ота-оналар, жумладан, Шаҳобнинг онаси Мақсад Ботирова ҳам қарши.

Уларнинг фикрича, бундай талаблар, аввало, ота-оналар иштирокида мактаб кенгашида муҳокама қилиниши лозим эди.

Шаҳоб фақат онасининг аралашувидан кейингина машғулотларга қўйилди. Аммо М.Ботирова энди фарзандини бошқа мактабга бериш ниятида. Чунки Бухородаги бир неча мактабларда мажбурий кийим-бош бўйича низом қабул қилинмаган.
XS
SM
MD
LG