Линклар

Ўзбекистондан ГУУАМдан чиқди


Феруза Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ГУУАМнинг амалдаги раиси, Молдова раҳбари Владимир Воронинга мактуб йўллаб, мамлакат ушбу ташкилот аъзолигидан чиқишини маълум қилди.

В.Ворониннинг матбуот котиби Натилиа Висанунинг билдиришича, мактубда ГУУАМ фаолиятидаги иштироки истиқболсиз экани сабабли Ўзбекистон уни тарк этиши баён қилинган.

Ўзбекистон Президенти ГУУАМнинг яқинда Кишинёвда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувида ҳам қатнашмаган эди. Мамлакат расмийлари буни ГУУАМ сиёсий ташкилотга айланиб қолгани билан изоҳлаганди.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ҳозирги вазиятда ГУУАМдан чиқиши мантиқийдир. Зеро, мамлакат бу ташкилотга иқтисодий манфаатлар нуқтаи назаридан аъзо бўлганди. Аммо бу мақсад амалга ошмади.

Сиёсатшунос Комрон Алиев ГУУАМдан чиқиш Ўзбекистоннинг ўз тақдирини батамом Россия билан боғлагани, ташкилот аъзоларининг расмий Тошкентга ишончи йўқолганидан дарак эканини таъкидлади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, Ўзбекистон ташқи сиёсатида барқарорлик йўқ. Агар кейинчалик ГУУАМ аъзолари демократияни ривожлантириш баробарида Ғарб давлатлари кўмагида иқтисодиётини тиклаб олса, ташкилотга қайтадан аъзо бўлиши мумкин.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқов Ўзбекистоннинг ГУУАМдан чиқиши шошмашошарлик эканини билдирди.

“Ўзбекистоннинг географик жойлашуви жиҳатдан олиб қаралганда, бу ташкилот доирасидаги транспорт соҳасидаги лойиҳалар фойдали эди. Зеро, Грузия портларидан фойдаланиш ҳозирги вазиятда Эрон портларига чиқишдан кўра афзал”, - деди М.Абдураззоқов.

Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, ГУУАМни тарк этиш Ўзбекистон иқтисодиёти, хавфсизлиги ва сиёсатида маълум йўқотишларга олиб келади. Гарчи бу ташкилотдаги иштирок мамлакатга кўп нарса бермаган бўлса-да, Европага чиқишнинг муқобил йўли ишлаб чиқилмай туриб, мавжуд имконият ҳам йўққа чиқарилиши хатодир.

Грузия, Украина, Озарбойжон ва Молдовани бирлаштирган мазкур ташкилот 1997 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон унга 1999 йилда аъзо бўлганди. 2002 йилда Ўзбекистонга унинг фаолиятида иштирок этишни вақтинчалик тўхтатганди.
XS
SM
MD
LG