Линклар

Янги супертузилма корхоналарнинг оғирини енгил қиладими?


Тўлқин Ўзбекистон Президенти янги йирик давлат тузилмаси – Давлат мулкини монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ташкил этиш тўғрисида фармон чиқарди.

Фармонда банкрот ва монополист йирик корхоналарни кичиклаштириш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш, улар негизида ички ва ташқи бозорларда самарали рақобат қила оладиган хусусий мустақил ишлаб чиқаришни ташкил этиш кўзда тутилади.

Фармонда айтилишича, янги йирик тузилма Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Банкрот ёки иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси, шунингдек, Давлат мулки қўмитаси таркибидаги кичик ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси негизида ташкил этилади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, Ўзбекистонда жуда кўп монопол ва банкрот корхоналар мавжуд. Мазкур фармоннинг қабул қилинишига сабаб уларни банкротликдан олиб чиқиш йўлларини қидиришга уринишдир. Ҳукумат бу соҳада иш олиб бораётган турли давлат идораларининг бирлаштирилиши ижобий натижалар беришига умид қилмоқда.

Т.Йўлдошев Чирчиқ трансформатор заводи, “Тошқишлоқмаш”, “Ўзқишлоқмаш”, “Навоийазот”, “Навоийкимё” каби йирик корхоналарда бугунги кунда ўз қувватининг 10 фоизидангина фойдаланаётганини таъкидлади.

Жамиятшунос К.Алиевнинг эътирофича, Ўзбекистон иқтисодиёти учун энг йирик хавф аксарият йирик корхоналарда давлат монополияси ўрнатилганидир. Хусусан, нефт ва газ, кимё, металлургия соҳаларида давлат монополияси мавжуд.

К.Алиев коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам ўз моҳиятига кўра монопол эканини билдирди.

“Бундай хизмат кўрсатадиган корхоналар акциядорлаштирилган эса-да, улар рақобатлашаётгани ҳақида ҳали ҳеч ким эшитган ва гувоҳ ҳам бўлган эмас”, - деди К.Алиев.
XS
SM
MD
LG