Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:25

Яна бир бор Туркистон легиони ҳақида


Тўлқин Собиқ Иттифоқ даврида Туркистон легиони тўғрисида гапириш тақиқланган, унинг қатнашчиларига эса ватан хоинлари тамғаси босилган эди. Ҳозир ҳам бу легион тарихини холис ўрганиш масаласи ҳал бўлгани йўқ.

Бу легион Иккинчи жаҳон уруши йилларида Германияда Мустафо Чўқай, Боймирза Ҳайит, Вали Қаюмхон, Рўзи Назар каби бир гуруҳ туркистонлик зиёлилар томонидан урушда асирга тушган туркистонликлардан тузилганди.

Германия қўмондонлиги таркибида шундай легион тузиш таклифини собиқ Туркистон мухторияти раҳбари Мустафо Чўқай берган эди.

Қайта қуриш йилларида Ўзбекистонда фаолият кўрсатган Туркистон халқ ҳаракати раиси, шоир Баҳром Ғойибнинг сўзларига кўра, М.Чўқай Гитлернинг ёвуз сиёсатидан эзгу ишда фойдаланишга уринган. У 1939 йилда гестапо қўлига тушган ва қанчадан-қанча чиғириқлардан ўтиб, шахсан фюрер билан мана шу легионни тузиш ҳақида келишувга эришган. Бу келишувга мувофиқ Ўрта Осиёга фашистлар эмас, Туркистон легиони аскарлари кириши ва алоҳида давлат қуриши лозим эди.

Марҳум шоир Рауф Парфи бундан икки йил аввал “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мазкур легионни тузиш ҳаракатлари миллат зиёлиларининг Туркистон бирлиги, мустақиллиги учун курашининг давоми бўлганини таъкидлаганди.

“Легион раҳбарлари Туркистон халқларини фашизм балосидан қутқариб қолиш йўлларини излаган. Туркистон мухторияти фожеасидан кейинги бу ҳаракатларни уйғонган зиёлиларнинг чет элдаги олижаноб ишларидан бири, дейиш мумкин”, - деганди Р.Парфи.

Профессор Наим Каримов Туркистон легиони раҳбарларининг бош мақсади асирга тушган туркистонликларни легионга жалб этиш ва Туркистон мустақиллигини учун курашдан иборат бўлганини билдирди. Бироқ легион ихтиёри немис қўмондонлиги қўлида эди.

Шоир Б.Ғойибнинг эътирофича, Мустафо Чўқай легионга раҳбарлик қилган йилларда фашистларга асирга тушган 260 минг туркистонликнинг ҳаётини сақлаб қолганининг ўзиёқ таҳсинга лойиқ.

Б.Ғойибнинг фикрича, Туркистон легионига совет даврида бўлган муносабат ҳозирги кунга келиб ҳам ўзгаргани йўқ. Бу тарихни холис ўрганиш масаласи ҳали ҳам дахлсиз турибди.

Профессор Н.Каримов ҳам ўзбекистонлик олимлар бу мавзуни алоҳида текшириш объектига айлантирмаганини таъкидлади. Унинг айтишича, Туркистон легиони тарихини собиқ КГБ ихтиёридаги маълумотлар, Москвадаги ҳарбий архивлар асосида ўрганиб чиқиш лозим.
XS
SM
MD
LG