Линклар

logo-print

Илм сиёсатга эргашмаслиги керак


Феруза 1941-1945 йиллардаги уруш ҳақида совет давридаги дарсликларда ўзбекистонлик жангчиларнинг, ўзбек халқининг бу урушдаги ғалабага қўшган ҳиссаси ва ўрни, бошдан кечирган машаққатлари тўлиқ акс этмаган эди.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги ўқув методик маркази вакили Маъруф Ваҳобов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда шундай деди.

“Ҳозирги кунда Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ тарихий воқелик 5-синф дарслигида ҳикоя тарзида акс эттирилган. 10-синфнинг “Жаҳон тарихи” дарслигида бу давр ҳақида кенг маълумот берилган. “Ўзбекистон тарихи” дарслигида эса уруш йиллари янада кенг ёритилган”, - деди М.Ваҳобов.

Олим Бахтиёр Исабековнинг фикрича, Ўзбекистон тарихчилари ҳар қандай тарихий воқеликни, асосан, ҳукумат сиёсатига мослаб ёритмоқда. Яъни илм сиёсатга эргашмоқда. Эндиликда СССР ватан сифатида инкор этила бошланди. Натижада “Улуғ Ватан уруши” тушунчаси Ўзбекистонга тўғри келмай қолди.

Б.Исабеков ҳозирги тарих дастликларида ўзбекистонликлар айнан Россия мустамлакачилари талаби билан урушга киргани ҳақида бирор гап йўқлигини таъкидлади.

“Агар ҳозирги ҳукумат сиёсатидан келиб чиқадиган бўлсак, биз мустамлака бўлганимизни, айнан шунинг учун халқимиз вакиллари урушга жалб этилганини ошкора айтишимиз керак. Мен ўзбеклар ватан учун урушга кетганини бировдан эшитганим йўқ. Буларнинг ҳаммаси қизил гаплар эди”, - деди Б.Исабеков.

Б.Исабеков бугунги кунда Иккинчи жаҳон уруши йилларида таъсис этилган орден ва медаллар соҳиблари учун имтиёзлар бекор қилинганини нотўғри ҳисоблашини билдирди.

Мактаб дарсликлари муаллифи Гога Ҳидоятовнинг сўзларига кўра, 1941-1945 йиллардаги урушни “Улуғ Ватан уруши” деб аташга тўла асос бор. Чунки ўзбекистонликлар ҳам бутун инсоният қатори бу жангу жадалларда қатнашган. Улар ҳам ўз ватанини ҳимоя қилган. Юз минглаб ўзбекистонликлар бекорга ўлиб кетмаган.

Г.Ҳидоятов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун янги медаль таъсис этилгани Ўзбекистон ҳукумати уларни унутмаганидан дарак эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG