Линклар

Бу ерда қандайдир фитна бордай…


“Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Уйчи тумани бўлими раиси Олимжон Юнусов вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ва баъзи мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналарини туман ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўзига нисбатан фитна уюштирилаётганидан огоҳлантирди.

О.Юнусовнинг сўзларига қараганда, 1 май куни Ёркатай қишлоғи участка инспектори, милиция капитани Жалолиддин Болтабоев таклифи билан у ва дўстлари овқатлангани борган. Қайтаётганда капитан туман ички ишларига бир зум кириб чиққан. Шундан кейин кутилмаганда улар олдига бир аёл келган ва гўёки эски танишдек фақат “Бирлик” аъзоси билан қандайдир ресторандаги ўтиришлар ҳақида гапира бошлаган. Бирликчи бу ўзига фитна эканини сезиб, уйига кетиш пайига тушган.

“Уйимга етиб бормасимдан милиция ходимлари йўлимни тўсди. Улар нотаниш аёл гўёки мен уни урганимни таъкидлаётгани, шунинг учун бу ҳолат ўрганилаётганини айтди. Шу билан эрталабгача ички ишлар бўлимида ушлаб турилдим”, - деди О.Юнусов.

О.Юнусов устидан ички ишлар бўлимига шикоят қилган ўша нотаниш аёл Мамлакат Мамадалиевадир. У айни пайтда шифохонада ётибди.

М.Мамадалиева О.Юнусов ўзини ургани натижасида мияси чайқалганини айтмоқда.

Унинг таъкидлашича, О.Юнусовни илгаридан таниган. Ўша учрашувда иккови жанжаллашиб қолган. О.Юнусов уни қўлидан ушлаб силтаган пайтда боши билан машинага урилган.

Шифокорлар М.Мамадалиевага енгил тан жароҳати ташхиси қўйган. Лекин у шу ташхис билан беш кундан буён шифохонада ётибди. Шифокорлар касаллик бўйича хулоса тайёрлангач, унга уйига жавоб берилишини маълум қилди.

О.Юнусов М.Мамадалиева билан бўлган воқеани ўша пайтда улар ёнида бўлганлар, жумладан, капитан Ж.Болтабоев ҳам кўрганини билдирди.

Аммо милиция ходими “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу икки шахс ўртасида нима воқеа бўлганини кўрмаганини таъкидлади.

О.Юнусов тумандаги 10-ўрта мактабда тарих фанидан дарс беради. Мактаб ўқитувчилари ўз ҳамкасбини фақат яхши жиҳатдан билишини, унга нисбатан бўлаётган ишлар эса фитна экани яққол кўриниб турганини айтди.
XS
SM
MD
LG