Линклар

Фарғонада демократик кучлар бирлашмоқда


Фарғона вилоятидаги демократик кучларнинг “Даврга кенгаши”да Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик ва мамлакатда демократик жамиятни барпо этишни тезлаштириш йўлидаги ўзаро ҳамкорликка доир аҳднома тасдиқланди.

Аҳдномага “Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати”, “Озод деҳқонлар” партиялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари имзо чекди.

“Бирлик” партияси раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймоновнинг айтишича, халқ орасида мавжуд ҳукумат сиёсатига норозилик кучайиб бораётган, демократик кучларга тазйиқлар давом этаётган бир шароитда мухолифатнинг ўзаро ҳамкорликда ишлаши жуда муҳимдир.

“Эрк” партиясининг Қўқон ҳудудий бўлими раҳбари Муҳаммаджон Халилов демократик кучларнинг Фарғонадаги фаоллари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишда муаммолар йўқлигини билдирди.

“Аввало, партияларнинг раҳбарлари ўзаро шахсий гина-кудратга чек қўйиб, бирлашиш ҳаракатини бошлаш керак”, - деди “Давра кенгаши” иштирокчиларидан бири.

Унинг таъкидлашича, агар аҳдномани мамлакатдаги барча демократик кучлар қабул қилса, партияларнинг сиёсий акцияларда бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва иштироки таъминланади.
XS
SM
MD
LG