Линклар

Журналист МХХ ҳибсхонасига ўтказилди


Шайбон Конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби билан ҳибсга олинган журналист Собиржон Ёқубов Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси тергов ҳибсхонасидан Миллий хавфсизлик хизмати тергов ҳибсхонасига ўтказилди.

“Озод овоз” сўз ва фикр эркинлигини қўллаб-қувватлаш ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаев журналистнинг МХХ ҳибсхонасига ўтказилганидан хавотир билдирди.

Унинг айтишича, бу ҳаракатлар ортида С.Ёқубовни халқаро террорчилар билан алоқадорликда айблашга уринишлар ётган бўлиши мумкин.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (Буюк Британия) Ўзбекистондаги вакиласи Галима Бухорбоеванинг тахминича, МХХ бирор иш юзасидан тергов ўтказаётганда бу ишда Собиржоннинг номи учраб қолган бўлса, у МХХ ихтиёрига берилган бўлиши мумкин.

“Аммо айрим инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари С.Ёқубов иши дунё жамоатчилиги оғзига тушгани боис, ИИВ ундан воз кечишга урингани ва МХХ ихтиёрига топширганини тахмин қилмоқда”, - деди Г.Бухорбоева.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, С.Ёқубов ишида ИИВ қандай хатога йўл қўйганини тушуниб етган ва бу хатони бошқаларга юклаш ҳаракатига тушиб қолган.

“Биздаги маълумотларга қараганда, Собиржоннинг иши қайтадан ўрганиляпти. Биз тез кунларда унинг озод этилишига умид қиламиз”, - деди А.Аннаев.
XS
SM
MD
LG