Линклар

“Озод деҳқонлар” партияси Сайёра Рашидова истеъфо беришини талаб қилди


Тўлқин Мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Сайёра Рашидованинг истеъфосини талаб қилмоқда.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси олдида 3 май куни ўтказилган пикет иштирокчилари шавқатсиз калтакланган кейин партия Ўзбекистон фуқароларига шундай мурожаат билан чиқди.

Мурожаатда қуйидаги сўзлар бор:

“Биз Омбудсман Сайёра Рашидованинг шафқатсизлиги, ўз халқи тақдирига мутлақо бефарқлиги ва фаолиятсизлиги учун унинг истеъфосини талаб қиламиз. У ўзининг шинам кабинетида яхшигина жойлашиб олган ва кўчада нима бўлаётгани, ҳимоясиз аёлларга қандай ваҳшиёна ҳақоратлар ёғилаётгани билан иши йўқ”.

“Озод деҳқонлар” партияси вакили Баҳодир Намозовнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, партия ўз вазифасини эплолмайдиган ҳар бир киши лавозимидан кетиши керак, деб ҳисоблайди. С.Рашидовага ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича катта масъулият юклатилган. Аммо мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани бутун жаҳонга маълум бўлган бир пайтда С.Рашидова фаолиятсизлик қилмоқда.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, ҳозирги шароитда С.Рашидова ишдан олиниб, ўрнига бошқа киши ўтирса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Агар “Озод деҳқонлар” Омбудсман ўзгарса, вазият ҳам яхшиланишига умид қилаётган бўлса, партия раҳбарлари сиёсатдан бехабар, дейиш мумкин.

“Озод деҳқонлар” томонидан тарқатилган мурожаатда партиянинг мавжуд инқироздан чиқиш йўллари тўғрисидаги беш таклифдан иборат дастури баён қилинади.

Биринчи таклифда “аграр ислоҳотлар ўтказиш, ерни ҳаққоний тақсимлаш ва сотиш ҳуқуқисиз, аммо мерос қолдириш ҳуқуқи билан деҳқонлар ихтиёрига топшириш” лозимлиги айтилади.

Дастурнинг кейинги бандларида Президент ваколатлари камайтирилган, Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари кенгайтирилган янги Конституцияни қабул қилиш, вилоят ҳокимлари, судьяларни умумхалқ сайловида сайлаш, Сенатни кераксиз орган сифатида тугатиш, деҳқонларга арзон ва имтиёзли кредитлар бериш каби таклифлар олға сурилади.

И.Худойберганов таъкидлашича, ҳозир чуқур ўйланмаган бу каби талабларни илгари суриш нотўғридир. Агар мамлакатдаги демократлар бирлашсагина улар маълум аҳамиятга эга бўлади.

И.Худойберганов Ўзбекистонда эндигина шаклланаётган демократия йўлидаги ишларни демократик кучлар кенгашган ҳолда, босқичма-босқич амалга ошириши лозимлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG