Линклар

Ўзбекистонлик корейслар Корея Президентининг Тошкентга ташрифидан нималарни кутмоқда?


Саида 10 май куни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Корея Республикаси Президенти Но Му Хён мазкур мамлакатдаги корейс диаспораси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказишни режалаштирган.

“Озодлик” мухбири ўзбекистонлик корейслар вакиллари билан суҳбатда бўлиб, мазкур давлат ташрифига муносабат сўради.

Уларнинг аксарияти бу ташриф Ўзбекистондаги корейслар учун фойдасиз эканини таъкидлади.

“Бу ташриф бизга ҳеч нарса бермайди. Бундай муносабатлар сиёсатчилар учун керак. Оддий халққа эса фойдаси йўқ”, - деди мухбир билан суҳбатда бўлган корейслардан бири.

Навбатдаги суҳбатдош Элла Тен ҳам бу ташриф ўзбекистонлик корейслар ҳаётида қандайдир ўзгариш киритишига ишонмаслигини билдирди.

“Одатда бу каби ташрифлардан мақсад бундай ўзгаришларга қаратилмаган бўлади. Қолаверса, биз Жанубий Корея Президентининг ташрифидан нимагадир умид ҳам қилмаяпмиз”, - деди Э.Тен.

50 ёшлардаги корейс аёли асл ватани Ўзбекистон эканини, шунинг учун бу ташриф корейс диаспораси учун нимадир берган тақдирда ҳам оиласи ва ўзи учун ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини таъкидлади.

“Инсон қаерда яшаса, ўша ер унинг ватани бўлиб қолади. Энг асосийси, ватанга хиёнат қилмасликда. Кореяда турмуш даражаси қанчалик юқори бўлмасин, мен Ўзбекистонни танлаган бўлардим”, - деди суҳбатдош.

Собиқ ўқитувчи Ирина Цойнинг фикрича, давлатлар ўртасида иқтисодий, ижтимоий дўстона муносабатлар ривожлангани маъқул. Айниқса, бозор иқтисодиётига ўтаётган Ўзбекистон учун Жанубий Корея билан ҳамкорлик жуда муҳим.

“Икки давлат раҳбарлари “ЎзДЭУавто”да ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархини ўзбекистонлик харидорлар эҳтиёжига мослаб қайта кўриб чиқса яхши бўларди”, деди И.Цой.

Жанубий Кореяга кўчиб кетиш ҳаракатида юрган корейс аёлларидан бири бундай қарорга келишига Ўзбекистондаги иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, бошқа миллатлар вакилларининг Ўзбекистондан кўчиб кетаётганига ҳам айнан иқтисодий муаммолар сабаб бўлмоқда.

“Ўзбекистон-Корея муносабатларига келсак, бу ташрифнинг, албатта, фойдали жиҳатлари бўлса керак. Акс ҳолда ташриф уюштирилмаган бўлар эди”, - деди суҳбатдош корейс аёли.
XS
SM
MD
LG