Линклар

Тошкент шаҳрида дайди болалар сони ортишда давом этмоқда


Саида Бугун Тошкент кўчаларида юзлаб дайди болаларни кўриш мумкин. Замонавий “гаврошлар” тиланчилик орқасидан кун кечиради, баъзилари ризқини чиқиндихоналардан излайди.

Артём 16 ёшда. Отаси ундан воз кечган, онасини эса эслолмайди. Кунини йўлчироқда тўхтайдиган машиналардан садақа сўраш билан ўтказади.

“Агар йўл-патруль хизмати ходимлари қувиб юбормаса, кунига 1,5-2 минг сўм ишлайман”, - дейди Артём.

Артёмнинг сўзларига кўра, Чилонзор туманида дайди болалар йиғиладиган ташкилот бор. Унинг бирор жойи оғриб қолса, кўпгина дайди болалар сингари шу ташкилотга мурожаат қилади. Бу ерда, асосан, оғриқ қолдирадиган дорилар берилади.

Чилонзор туманида жойлашган “Меҳр таянчи” нодавлат нотижорат ташкилоти шифокори Улуғбек Бобобековнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, ёз ойларида дайди болалар сони янада кўпайгани сабабли улар орасида турли юқумли касалликлар хавфи ҳам ўсади. Енгил касалликлар билан оғриган болаларга марказнинг ўзида тиббий хизмат кўрсатилади. Оғир беморлар эса шифохоналарга ётқизилади.

“Бу болалар ўртасида педикулёз, шамоллаш, бронхит ва майда жароҳатлар кўп учрайди. Баъзан менингит ҳам учраб туради”, - деди шифокор.

“Меҳр таянчи” ташкилоти раҳбари Даврон Маҳмудов дайди болалар орасида чекувчилар, токсикоманияга чалинганлар кўплиги билдирди.

Унинг таъкидлашича, Тошкент кўчаларида дайди болалар сони ортишда давом этмоқда. Марказ ходимлари ОИТС касаллиги хавфи ва оқибатлари ҳақида улар ўртасида махсус тренинглар ўтказиб туради. Бироқ бундай машғулотларга барча қаровсиз болаларни жалб қилишнинг имкони бўлмаётир. Чунки бундай болалар ўзларига ёрдам берадиган давлат ва нодавлат ташкилотларга ҳали ҳам ҳадик билан қарайди.
XS
SM
MD
LG