Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:11

Декларация МДҲ инқирозидан даракми?


Тўлқин МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг 8 май куни Москвада бўлиб ўтган норасмий саммитида фақат биттагина расмий ҳужжат – гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги декларация қабул қилинди.

Россия Президенти Владимир Путин мазкур ҳужжат қабул қилиниши ҳақида гапирар экан, МДҲ мамлакатлари ўртасида айнан фан, маданият, таълим ва бошқа гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, тушуниш ва ишонч муҳитини яратишда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Сиёсатшунос Шоҳрух Файзиевнинг фикрича, МДҲ доирасида айнан гуманитар соҳадаги ҳамкорлик муҳимдир. Айнан шу соҳадаги ҳамкорлик ўз натижасини бергандагина геосиёсий масалаларга ўтилиши самарали бўлади.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаев МДҲ айнан собиқ Иттифоқ даврида юзага келган умумийликлар, яқин муносабатларни сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилгани, бу декларациянинг қабул қилиниши эса МДҲ ўзининг инқироз нуқтасига яқинлашганидан дарак беришини таъкидлади.

“Ҳозир бу ташкилотни умуман тугатиш ёки унинг самарали фаолият кўрсатиши учун янгича ёндашувларни излаш керак”, - деди Б.Мусаев.

Жамиятшунос Комрон Алиев бу декларацияни МДҲ ишлаб турганини кўрсатиш учунгина қабул қилинган ҳужжат, деб ҳисоблади.

Унинг айтишича, ҳозир МДҲ мамлакатлари раҳбарлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар анча таранглашган. Постсовет ҳудудларида “рангли инқилоблар”нинг содир бўлгани зиддиятларни янада кучайтирган.

Сиёсатшунос Ш.Файзиевнинг таъкидлашича, мамлакатлар раҳбарлари ўртасидаги айнан шу омил МДҲ доирасидаги ҳамкорликка жиддий тўсиқ бўлмоқда. Гарчи МДҲ унга аъзо давлатлар учун жуда муҳим бўлса-да, ўзаро муносабатлардаги муаммолар ташкилотни хўжакўрсинга ишлайдиган тузилмага айлантириб қўйган.

“Саммитда қандай ҳужжат қабул қилиниши юзасидан якуний фикрга ҳам келинмаган эди. Бироқ барчанинг манфаатида мос бўлгани учунгина гуманитар ҳамкорлик тўғрисида декларация имзоланди”, - деди Ш.Файзиев.
XS
SM
MD
LG