Линклар

Но Му Хён ўзбекистонлик корейсларга ҳар томонлама ёрдам бермоқчи

  • Садриддин Ашур

10 май куни Корея Республикаси Президенти Но Му Хённинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бошланди. Шу куни ўтказилган музокаралар якунида бир неча ҳужжатлар имзоланди.

Хусусан, томонлар энергетика ва минерал ресурслар ҳамда тўқимачилик технологиялари соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари, ижтимоий таъминот тўғрисида ҳукуматлараро битим ва Президентларнинг қўшма баёнотини имзолади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланаётганини айтиб ўтди. У 2004 йилда товар айрбошлаш ҳажми 430 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлгани, бу 2003 йилдагидан 40 фоиз кўплигини маълум қилди.

Корея Республикаси раҳбари Но Му Хён эса икки мамлакат ўртасидаги мавжуд ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига кўтариш лозимлигини таъкидлади.

Ҳозир Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб 200 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, уларнинг турмуш даражаси мамлакатдаги бошқа миллатларга нисбатан сал яхшироқдир.

Жанубий Корея Президенти ўзбекистонлик корейсларга ўқишда, ишга жойлашишда ва бошқа соҳаларда ёрдам беражагини ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG