Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:00

Чориевлар устидан жиноят иши қўзғатилди


Тўлқин 3 май куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдидаги пикет чоғида калтакланган Чориевлар оиласи аъзолари тергов ҳаракатлари олиб борилиши муносабати билан 11 май куни Шаҳрисабздан Тошкентга олиб кетилди.

Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Чориевлар оиласининг бошлиғи Ҳасан Чориев хабар қилди.

Унинг айтишича, элчихона олдидаги калтакланиш вақтида тан жароҳати олган яқинларини тиббий экспертизадан ўтказишга рухсат этилмаган.

Ҳ.Чориев яқинларидан 19 киши 11 май куни эрталаб соат 8 да Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан давлат рақами 18АН754 бўлган “ДЭУ” русумли автобусда Тошкентнинг Ҳамза тумани ички ишлар бошқармасига олиб кетилганини билдирди.

Аммо Ҳамза тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Абдукарим Нўъмонов “Озодлик” мухбирига Чориевлар бу ерга олиб келинганини рад этди.

Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқованинг билдиришича, Чилонзор тумани прокуратураси пикет иштирокчиларининг баъзиларига нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳукумат вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) бўйича жиноят иши қўзғатган.

Чориевлар Чилонзор тумани прокуратурасига олиб келиндими, деган саволга жавобан С.Ортиқова уларнинг Тошкентга олиб келинишига прокуратуранинг алоқаси йўқлигини, Чилонзор тумани прокурорининг ўзи тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Қашқадарёга бориб қайтганини маълум қилди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Вячеслав Тутин ҳам Чориевлар қаерга олиб келинганидан бехабарлигини айтди.

У Чориевларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани боис, улар бирор тергов изоляторига олиб келинаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни АҚШ элчихонаси олдида бўлиб ўтган пикетда Чориевлар ўзларидан тортиб олинган “Кеш” акциядорлик жамияти акциялари қайтариб берилишини, шунингдек, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва Давлат мулки қўмитаси раиси Маҳмуд Асқаровнинг истеъфосини талаб қилганди.
XS
SM
MD
LG