Линклар

logo-print

Угам-Чотқолдаги экотуризм имкониятларидан фойдаланмаётир

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистоннинг Угам-Чотқол миллий қўриқхонасидаги хушманзара ва гўзал масканларга келадиган сайёҳларнинг бор-йўғи 5 фоизини узоқ хорижликлар ташкил этади. 15 фоизи эса қўшни давлатлардан келаётган сайёҳлардир.

“Работ Малик” сайёҳлар жамоатчилик ташкилотининг раҳбари Виктор Цойнинг айтишича, Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида бир-биридан узоқ бўлмаган уч қишлоқда сайёҳлар бирданига уч миллат – ўзбек, қозоқ ва қирғизларнинг яшаш тарзи, урф-одатлари билан танишиши мумкин.

“Чимён қишлоғида мингта қозоқ ва шунча қирғиз яшайди. Хумсонда эса шунча ўзбек истиқомат қилади. Бурчмуллада тожиклар яшайди. Бу қишлоқлар ўртасидаги масофа 30-40 километр. Шуниси ажойибки, мазкур қишлоқлар табиати ҳам, урф-одатлари ҳам ҳар хил”, - деди В.Цой.

В.Цойнинг таъкидлашича, бу жой экологик, этнографик ва гастрономик сайёҳлик учун жуда қўл келади. Бу ҳудудда фақат экологик тоза маҳсулотлар етиштирилади.

В.Цой сайёҳликдан тушаётган даромадлардан бу ердаги биохилмахилликни сақлаб қолишга бир тийин ҳам сарфланмаётганини билдирди.

“Чунки ҳали бу ишнинг механизми ишлаб чиқилмаган, - деди у. - Аслида эса қўриқхонада экотуризм бўйича хизмат кўрсатиш ташкил қилиниши ва тушган даромаднинг бир қисми экологик муаммоларни ҳал қилишга сарфланиши керак эди. Лекин Угам-Чотқол миллий қўриқхонасида шу пайтгача сайёҳлик билан шуғулланадиган бўлимнинг ўзи йўқ”.

В.Цойнинг айтишича, сайёҳлар учун инфратузилма яратилмагани боис, улар бу ерга жуда кам келади. Келганда ҳам саёҳат одатда бир кунга чўзилади. Бундан маҳаллий аҳоли ҳам, қўриқхона ҳам бир тийин даромад кўрмайди.

В.Цойнинг фикрича, Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш учун хорижда мамлакатни реклама қилишни йўлга қўйиш керак. Шу билан бирга, мазкур соҳада ишлайдиган тадбиркорлар учун шароитлар яратиб бериш лозим.

“Экосан” халқаро жамғармаси раиси Юсуф Шодиметовнинг эътирофича, Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш истиқболлари бор. Мамлакатдаги барча қўриқхоналар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Уларга қанча кўп сайёҳ келадиган бўлса, қўриқхоналардаги биохилмахилликни сақлаш шунчалик самарали кечади.
XS
SM
MD
LG