Линклар

Миллий энцеклопедиянинг янги жилди тайёрланди


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг навбатдаги 9-жилди тайёрланди. Ундан “Т” ҳарфидаги мақолаларнинг давоми, “У”, “Ф” “Х”, “С”, “Ч” ҳарфлари ва “Ш” ҳарфидаги бошланғич мақолалар ўрин олган.

“Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти директори ўринбосари Мурод Аминовнинг таъкидлашича, миллий қомусда маҳаллий материалларга катта ўрин берилган. Жилдда бундай материаллар 60 фоизни, умумбашарий характердаги материаллар 40 фоизни ташкил этади.

М.Аминовнинг сўзларига қараганда, бу жилдга янги-янги материаллар киритилган. Унда биринчи марта эълон қилинган мақолалар ҳам бор. Убайдуллахон, Умаршайх Мирзо, Хондамир, Чўлпон, Усмон Носир, Фитрат каби тарихий шахслар, Фаёзтепа, Хочиёнтепа каби археологик ёдгорликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилган мақолалар шулар жумласидандир.

Мазкур қомусда Ўзбек Совет энциклопедиясидагидан фарқли ўлароқ, биографик материалларга ошиқчаликка йўл қўйилмаган. Хусусан, 9-жилдга фан докторлари, профессорлар ҳақидаги маълумотлар киритилмаган.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича мутахассис Ботир Азимов фан докторлари ва профессорлар ҳақида энциклопедияда материаллар берилмаслигини нотўғри, деб ҳисоблади.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда бундай кишилар сони 2000 атрофида. Уларнинг мамлакат ривожига қўшган ҳиссаси жуда катта. Шунинг учун улар ҳақида энциклопедияда материаллар бериш тўғрироқ бўларди.

М.Аминов маҳаллий материалларни ёритишда бир қанча баҳсли масалалар ҳам юза келганини билдирди.

“Хоразм давлати ҳақида маҳаллий муаллифлар ёзган материалларда жуда бўрттиришлар бор эди. Уларга муайян тузатишлар киритдик. Советларга қарши курашган кишилар ҳам биринчи марта ёритилиши. Улар устида ҳам анча баҳслар бўлди. Биз улар фаолиятига ҳозирги замондан келиб чиқиб илмий баҳо беришга ҳаракат қилдик”, - деди М.Аминов.

Маълум бўлишича, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Германияда тузилган Туркистон легиони раҳбарларидан Боймирза Ҳайит ва Вали Қаюмхон ҳақидаги материалларни энцеклопедиянинг навбатдаги жилдларига киритиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG