Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:52

Амир Олимхоннинг тошкентлик “меъросхўри” унинг бойлигига даъво қиляпти


Феруза Тошкентлик 1939 йилда туғилган Светлана Баҳромова Бухоро амири Олимхоннинг меъросхўри эканини даъво қилиб, амирнинг хориж банкларидаги бойликларидан ўз улушини сўрамоқда.

С.Баҳромованинг сўзларига қараганда, у Амир Олимхонга невара бўлади. Унинг отаси Муҳаммаджон Баҳромов 1910 йилда амирнинг Хива хонининг қизи Ойимшо исмли хотинидан туғилган. Отаси 1987 йилда вафот этган.

“Отам ҳаётининг охиригача амирнинг авлоди эканимизни сир тутган. Чунки у пайтларда амир авлодларига муносабат қандайлигини билган отам менинг тўлақонли тарбия олишимни истаган”, - дейди С.Баҳромова.

С.Баҳромова 1976 йилда Бухорода амирнинг қишки саройида ўғли Артур Олимхоннинг тўғридан-тўғри вориси деб эълон қилингани ва унга тож кийдирилгани, 1977 йилда отасининг Душанбеда яшайдиган сингиллари Марям ва Зулайҳо билан учрашгани, улар амирнинг Москвада яшайдиган ўғли Шоҳмурод билан кўришиб турганини билдирди.

“Амирнинг бошқа хотинидан туғилган ўғли Умар Саидхон 1992 йилда Тошкентга келган ва Олимхоннинг барча авлодини йиққан. Биз унинг манзилини билиб хат жўнатдик. Умар Саидхон 1997 йилда Ўзбекистонга келишга ваъда берди, аммо келмади”, - деди С.Баҳромова.

С.Баҳромова ўзининг гапларини исботлаш учун ДНК қон таҳлили ўтказилишини исташини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири бу аёлнинг даъвоси тарихий ҳақиқатга қанчалик яқинлиги юзасидан тарихчиларга мурожаат қилди.

Тарихчи Сотимжон Холбоевнинг билдиришича, Амир Олимхоннинг учта хотини ва улардан уч ўғли бўлган. Ўғиллари Султонмурод, Раҳимхон ва Шоҳмурод ўтган асрнинг 20-йилларида болъшевиклар томонидан Москвага олиб кетилган. Отасидан кечмагани учун қамалган Султонмурод очдан ўлган. Қочишга муваффақ бўлган Раҳимхон чегарада ўлдирилгани ҳақида гаплар бор. Шоҳмурод эса отасидан расман кечганидан кейин Москвада узоқ яшаган. Москвада унинг фарзандлари бўлиши мумкин.

“Менда амирнинг Муҳаммад исмли ўғли бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Балки норасмий хотинларидан шундай фарзанд бўлиши мумкин. Олимхон Афғонистонда ҳам кўп бор уйлангани ва ўндан ортиқ фарзанди борлиги маълум”, - деди С.Холбоев.

Бухоролик тарихчи олим Ҳалим Тўраевнинг фикрича, Амир Олимхон 1910 йилда 30 ёшда бўлган ва унинг фарзандлари бўлиши табиий эди. Ҳозир ҳам Бухорода амирнинг авлодлари бор. Бироқ улар жамоатчиликка бу ҳақда гапиришни хоҳламайди. Амирнинг асл авлодлари орасида унинг бойликларига даъво қилувчилар ҳам деярли йўқ.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, С.Баҳромова ҳозир жуда ночор ва қашшоқ ҳаёт кечиради. 2001 йилда ёлғиз фарзанди Артур вафотидан сўнг у бутунлай боқувчисиз қолган. Ҳатто турар-жой масаласида ҳам қўшнилар билан кўпгина ихтилофларга борган.

Жорий йилнинг март ойида, ўзининг таъбири билан айтганда, қўшниларнинг қўли билан руҳий шифохонага ётқизилган ва бир муддат даволаниб чиққан.
XS
SM
MD
LG